Линклар

Келинлар ҳайитда зиёратга боради


Феруза Тошкентда Рамазон ва Қурбон ҳайитлари нишонланадиган кунларда келинлик йилининг биринчи ҳайитини кутаётган келинчаклар уч кун давомида меҳмон кутиши одат тусига кирган.

Келинлар уч кун давомида ўзларини кўришга келаётган ёшу қарини очиқ чеҳра билан кутиб олиши, уларни ясатилган дастурхонга таклиф этиб, хизмат кўрсатиши шарт.

Бироқ жорий йилда, маълум бўлишича, бу одатга бироз ўзгартириш киритилган, яъни келин ҳайити умуман ўтказилмайди ёки фақат бир кунгина меҳмон кутилади.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакиласи Гулжамол Асқарованинг сўзларига қараганда, жорий йилда келин ҳайитни ихчам ўтказиш ҳақида маҳаллаларда катта тарғибот ишлари олиб борилган. Бу билан ҳайит кунларида келинчакларнинг оғирини енгил қилиш кўзда тутилган. Ҳайит кунлари шаҳарнинг барча туманларида янги тушган келинчакларни турли жойларга зиёратга жўнатиш режалаштирилган.

“Маҳалла” жамғармаси вакилининг таъкидлашича, ҳайитни ихчам ўтказиш ёки умуман ўтказмаслик ҳақида бирорта кўрсатма берилмаган, қарор чиқарилмаган. Ҳайитни ихчам ўтказиш таклифи фақат маслаҳат тарзда берилган. Бунда мажбурийликка йўл қўйилмайди.

Келин ҳайитларини ихчам ўтказиш таклифи кўпчилик ота-оналарга анча маъқул бўляпти. Уларнинг айтишича, ҳайит ихчам ўтказилса, кирим-чиқим камаяди. Бу эса ота-оналарга енгиллик туғдиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиласи Соҳиба Абдуллаеванинг билдиришича, исломда ҳайитлар катта байрам қилинади. Ҳайит кунлари фақат таъзияли хонадонларга бориш тўғри эмас. Бошқа мусулмон давлатларида келин ҳайит маросими йўқ. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам бу одат кузатилмайди.

С.Абдуллаеванинг маълум қилишича, келин ҳайитга катта харажат қилмай, янги оилага бирор рўзғорбоп буюм совға қилиш ташаббуси сал бошқача қабул қилиняпти. Яъни келинлар ота-онасига куёв томон ҳайитликка тоғора-тоғора овқат ўрнига телевизор ёки бошқа қимматроқ буюм кутаётганини айтаётгани кузатилмоқда.
XS
SM
MD
LG