Линклар

logo-print

Юнусободлик қулфуруш Ботир ким ёки қозоққа қул, ўзбекка пул керакми?


Зикрилло Ишонч Маълумотларга кўра, Қозоғистонда текин ишчи кучи сифатида сотилаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисми Тошкентдаги мардикор бозорлари ва Қозоғистон билан чегарадош ҳудудлардан олиб кетилмоқда.

Одамфурушлар қурбони бўлган кишиларнинг айтишича, бу жиноятга қўл ураётганларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари бўлиб, ўз фаолиятини баъзи ҳуқуқ-тартибот ходимларининг кўмагида амалга ошириб келмоқда.

Яқиндагина замонавий қулдорлар қўлидан қочиб келган кишиларнинг сўзларига қараганда, одамфурушлар мардикорларни катта иш ҳақи бериш билан алдаб, Қозоғистонга олиб боради.

“Бизни олиб кетган Ботир исмли одам қозоқлар билан тил бириктириб олган экан. Биз уларнинг тил бириктирганидан бехабар ишлаб юравердик. Шерикларимдан бири сурхондарёлик Фарҳод 1989 йилда туғилган. Қўқонлик шеригимнинг исми Дилшод эди. Бизни минг тангага сотган экан. Ҳозир шерикларимнинг тақдири нима бўлган билмайман”, дейди одамфурушлар қурбонларидан бири.

Мардикорлардан бирининг айтишича, Ўзбекистон чегарасидан шундоқ Қозоғистонга ўтган жойда “қозоққа пул керак, ўзбекка пул” деган сўзлар ёзилган. Қозоқлар ўзбек мардикорларни хоҳласа бир умрга, хоҳласа бир мавсумга қул сифатида сотиб олмоқда.

Қулликни бошдан кечирганлардан бирининг таъкидлашича, у ўтган йили қишда сотиб юборилган. Сотилганини иш берувчидан ўз ҳақини сўрагандан кейин билган. Қозоқлар уни хўрлашган, аёвсиз ишлатган. Жанжаллар вақтида беш жойидан пичоқланган. Ёзда қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Қулфурушлар қурбонларига айланган мардикорларнинг кўпчилиги ўзларини юнусободлик Ботир исмли шахс сотиб юборганини билдирди. Уларнинг таъкидлашича, бу шахснинг қизил рангли “Жигули”си бор. У ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳомийлигида ишлайди.

Маълум бўлишича, Тошкентда одам савдоси билан аёллар ҳам шуғуллана бошлаган. Хусусан, қозоғистонлик бир аёл кечки пайтларда мардикор бозорларга келиб, мардикорларни иш топиб бериш билан алдаб, қўшни давлатга олиб кетишга уринаётгани кузатилган.

Мардикор аёллар Қозоғистонга ишлашга кетиб, беиз ғойиб бўлган маркидорлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига, ҳатто телевидениега ҳам мурожаатлар қилгани, лекин бу мурожаатлардан натижа бўлмаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG