Линклар

ЭРОН ЯДРОВИЙ ДАСТУРИНИ ТЎХТАТДИ

  • Ҳурмат Бобожон

Эрон Европа Иттифоқи таклифига жавобан ўз ядровий дастурини вақтинчалик тўхтатишга рози бўлди. Теҳрон ҳукумати Франция, Германия, Британия элчихоналарига махсус баённома йўллаб, мамлакатда бойитилган уран ишлаб чиқаришга қаратилган барча фаолият тури тўхтатилганини билдирди. Баённомада ядровий масалада тўлақонли халқаро шартномага эришилгунга қадар Эроннинг ушбу қарори кучда қолиши таъкидланади.

Эроннинг ядровий дастурни тўхтатиб туриш ҳақдаги қарорини, ўтган хафтадаги Париж музокаралари махсули дейиш мумкин. Париж музокаралари чоғида ЕИ Эронга бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатиш эвазига ядровий ёқилғини четдан импорт қилиш имконини ваъда қилган ва импорт қилинган ядровий моддалардан фақат тинч мақсадларда фойдаланиш талабини қўйган эди.
Шунингдек, ЕИ Эрон билан савдо-сотиқ ва хавфсизлик сохаларида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирганди. Якшанба куни, Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Хасан Рухоний Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли шартнома имзолангунга қадар Теҳрон ядровий дастурини тўхтатиб туради, деб айтди. Рухонийга кўра, мазкур шартнома юзасидан музокаралар декабр ойининг ўрталарида ўтиши керак.
Ҳозирда Франция, Германия, Британия Эроннинг бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатиши ҳақида билдирган мактубни ўрганиб чиқмоқдалар.
ЕИ расмийларига кўра, Эроннинг ўтган хафта Париждаги музокаралар чоғида қўйилган барча талабни бажаришга рози бўлгани баённомада аниқ ифодасини топмаган кўринади. "Теҳроннинг бу баёноти биз хоҳлаётган нарса эканини билиш учун учала ҳукумат мактуб матнини диққат билан ўрганиб чиқиши керак", - деди Британия расмийси.
Франция ҳам бу борада шошқалоқликка йўл қўйилмаслигини айтди. Аммо, Халқаро атом энегрияси агентлигидагилар, Эроннинг ядровий дастурни тўхтатиш ҳақидаги баёноти Европа Иттифоқи хоҳлаётган нарса эканини айтишмоқда. Агентликка алоқадор ғарблик дипломат, "Эроннинг бойитилган уран ишлаб чиқаришни тўхтатиши бу Европа Иттифоқи қўйган талабдир", - деди.

25 ноябр куни 35 давлат вакилларидан иборат Халқаро атом энергияси агентиги бошқарув кенгаши Эронга санкция жорий қилиш масаласини Хавфсизлик Кенгашига ошириш ёки оширмаслик ҳақида бир қарорга келиши керак.
Маълумки, Қўшма Штатлар ва Исроил Эрон Ислом Республикасини хуфёна тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаб, дунё ҳамжамитини бу давлатга қарши санкция жорий этишга чақирган. Ўз навбатида Техрон расмийлари Эрон ядровий дастури мамлакатнинг электр энергиясига бўлган эхтиёжини қондиришга йўналтирилганини қайд этиб келганлар.
XS
SM
MD
LG