Линклар

Ўзбек тилининг янги изоҳли луғати тайёрланмоқда


Зарнигор Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўзбек тилининг янги изоҳли луғатини тайёрлашга киришилган. Бу иш билан Фанлар академиясининг Тил ва адбиёт институти шуғулланаётир.

1981 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” мазкур тил бойлигини намоён этувчи асосий манба ҳисобланади. Унда 60 минг сўз ва бирикма жамланган. Аммо луғат муаллифлари аслида ўзбек тилида сўз ва бирикмалар бундан анча-мунча кўплигини таъкидлайди. Уларнинг айтишича, ўша пайтдаги мафкуравий-сиёсий тўсиқлар сабабли кўпгина сўзларни луғатдан чиқариб ташлашга мажбур бўлинган. Масалан, бугунги кунда жуда кўп ишлатиладиган “маънавият” сўзи ўзбек тилининг асосий луғатидан жой олмаган.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” нашр этилганига ҳам 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу орада ўзбек тилида жуда кўплаб ўзгаришлар юз берди. Табиийки бу ҳолат янги изоҳли луғат яратиш эҳтиёжини туғдиради.

Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоевнинг сўзларига қараганда, ҳозир ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг катта жамоаси изоҳли луғатни замон талабларига мослаб қайта тузиш устида иш олиб бормоқда. Яқин кунларда янги луғатнинг биринчи жилди босмадан чиқиши кутиляпти.

Филология фанлари доктори, профессор Шавкат Раҳматуллаев янги изоҳли луғатни яратиш жараёнида бир қанча муаммолар мавжудлигини билдирди.

“Тажрибали луғатшуносларнинг камлиги, луғат тузиш учун энг зарур бўлган карточка базасининг камбағаллиги бу ишда анча қийинчилик туғдириши мумкин”, деди олим.

Ш.Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, алифбонинг лотинлаштирилиши фан соҳаларига оид луғатларни ислоҳ қилиш эҳтиёжини юзага келтирган. Бу луғатларнинг анча-мунчаси рус тилида ва кирилл ёзувидадир.

Алифбо ва имло қоидаларининг ўзгартирилиши янги имло луғатига ҳам эҳтиёж туғдирди. Бу, айниқса, ўрта умумтаълим мактабларида сезилмоқда. Аммо ўқитувчилар мактабларда янги алифбодаги имло луғатлари муаммо бўлаётганини таъкидламоқда. Уларнинг эътирофича, янги алифбодаги имло луғатларининг етишмаслиги сабабли ўқувчиларни тўғри ёзишга ўргатиш қийин кечаётир. Қолаверса, бу луғат мукаммал эмас. Унда баъзи сўзлар хато ёзилган.

Имло луғати муаллифи Ш.Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, ўзбек тили имло луғатининг хатолари тузатилган ва тўлдирилган иккинчи нашри 2001 йилда босмадан чиққан. Лекин унинг адади мавжуд талабни қондиришга етмайди.
XS
SM
MD
LG