Линклар

Ўзбекистонлик туркманлар Бухородаги учрашувга катта умид боғламоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг яқин кунларда Бухорода бўлиб ўтиши кутилаётган учрашуви муносабати билан Тошкентда Туркман миллий маданият маркази томонидан катта тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон туркман миллий маданият маркази Тошкент шаҳри бўлими раиси Собир Дурдиевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда туркман миллатига мансуб 150 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Улар ўзбеклар билан бир оила аъзоларидек иноқ ҳаёт кечирмоқда. Туркманларнинг икки давлат раҳбарларининг Бухорода бўлиб ўтадиган учрашувидан умиди катта.

С.Дурдиев таъкидлашича, ҳозир икки давлат ўртасида мавжуд совуқлик ўзаро тушунмовчилик натижаси бўлиб, вақтинчалик ҳолатдир. Мамлакатларнинг ўзаро муносабати тез орада илиқлашади.

С.Дурдиев айтган “вақтинчалик тушунмовчилик” аслида икки давлатнинг чегарадош ҳудудларидаги вазиятни анча оғирлаштириб юборган. Бир-бирига қўшни, лекин икки давлатда яшайдиган қариндош-уруғлар борди-келди қилишга қийналмоқда. Чегарадош ҳудудларда ўзбек фуқароларнинг туркман аскарлари томонидан отиб ташланаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Туркман миллий маданият маркази ташкил этган тадбир иштирокчилари икки давлат раҳбарларининг Бухородаги учрашуви мана шу муаммоларга чек қўйишига умид билдирди.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг билдиришича, ҳар икки халқ вакиллари асрлар давомида бузилмай келаётган ўзаро дўстлик яна давом этишини истамоқда.

“Илоҳо, икки халқнинг борди-келдиси осонлашсин, ўртасида тўсиқлар бўлмасин. Аввалгидек қариндош-уруғчилик, тўй-маъракаларга қатнашишимиз тўхтамасин. Туркман шоири Қора Сайидли туркман тўйида Навоийнинг назми янграши, ўзбек тўйида эса Махтумқули сози жаранглаши ҳақида ёзган эди”, деди О.Отажонов.

Тадбирда қатнашган Тўрткўлнинг “Орзу” туркман халқ ансамбли аъзолари икки давлат раҳбарларининг бўлажак учрашуви натижасида мамлакатлар ўртасидаги виза тизими бекор қилинишини истаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG