Линклар

Мустақил номзодларни қўллаб-қувватлайдиган марказ бор


Шайбон 16 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида МСКнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар, сайловчилар ташаббускор гуруҳлари, депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти тўғрисида”ги қарори юзасидан тушунтириш берилди.

МСК матбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларига қараганда, мазкур қарорда ҳар бир партия ҳамда ташаббус гуруҳи учун оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқотлари ўтказишга тенг имтиёзлар яратиб берилган. Яъни уларга телевидение ва радио орқали чиқиш қилишда бир хил вақт, босма матбуотда бир хил майдон ажратилади. Сайловолди ташвиқотлари ўтказиш учун ҳар бир номзодга 717 минг 500 сўм миқдорида маблағ берилади. Номзодларнинг ОАВдаги чиқишлари таҳрир қилинмайди, уларнинг маърузалари матнига ўзгартириш киритилмайди.

Шу билан бирга, Ш.Қудратхўжаевнинг таъкидлашича, партиялар ва депутатликка номзодларнинг дастурлари давлатнинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилмаслиги, миллий, ирқий ва диний адоват қўзғамаслиги, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситувчи хатти-ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Ш.Қудратхўжаевнинг билдиришича, ҳар бир телеканалда партияларга 40 минутдан текин вақт ажратилади. Бу вақтнинг иккита 15 дақиқалик қисми реклама ёки тарғибот характеридаги кўрсатувларни эфирга беришга, 5 дақиқаси сайлов платформасини тушунтиришга, қолган беш дақиқаси эса сиёсий роликлар намойишига ажратилади. Мустақил ташаббус гуруҳлари номидан марказий телевидениеда чиқиш қилиш ҳуқуқи (40 минут) Мустақил номзодларни қўллаб-қувватлаш марказига берилади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, келаси ҳафтанинг душанба кунидан сиёсий партиялар ҳамда Мустақил номзодларни қўллаб-қувватлаш маркази вакиллари эфир орқали чиқиш қилишни бошлайди. Ҳар бир партияга алифбо тартибида вақт ажратилади.

Ш.Қудратхўжаевнинг сўзларига кўра, Қонунчилик палатаси депутатлигига Ўзбекистон халқ демократик партияси ва Ўзбекистон либерал демократик партияси 120 тадан, “Фидокорлар” миллий демократик партияси 97 та, “Адолат” социал демократик партияси 87 та, “Миллий тикланиш” демократик партияси эса 62 та номзод кўрсатган.

Шу ўринда Ш.Қудратхўжаев тилга олган марказ ҳақида икки оғиз сўз. Маълум бўлишича, Мустақил номзодларни қўллаб-қувватлаш маркази аввалги парламент сайлови вақтида нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этилган.

Марказ раҳбари Акмал Саидовнинг айтишича, ушбу ташкилотнинг вазифаси мустақил номзодлар ёки ташаббус гуруҳларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдир.

“Озодлик” радиоси жойларда ташкил этилган ташаббус гуруҳлари йўлиққан муаммолар, турли тўсиқларга учраб рўйхатдан ўтказилмагани, шу туфайли бу гуруҳлар сайловни бойкот қилишга қарор этгани ҳақида хабарлар берган эди. Радио мухбири А.Саидовдан марказ мана шу гуруҳларга қандай ёрдам кўрсата олиши билан қизиқди.

“Бундай шахслар бизга мурожаат қилгани йўқ. Агар мурожаат қилинганда биз, албатта, мулоқотга киришиш ва қонун доирасида ёрдам беришга тайёрмиз”, деди А.Саидов.

Мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини бирлаштирган “Давра кенгаши” ташкилоти вакили Искандар Худойбергановнинг фикрича, ташаббус гуруҳларига ёрдам кўрсатишга тайёр шундай марказнинг кўмагидан кимнингдир воз кечишини тасаввур қилиш қийин. Лекин бу марказнинг сайловолди кампанияси қизиган вақтда умуман фаолиятсиз бўлиши тушунарсиз. Аслида марказ кимнингдир мурожаатини кутмай, ўз ёрдамини ўзи тавсия этиши керак эди. Қолаверса, мухолифат томонидан тузилган ташаббус гуруҳлари бундай марказ борлигидан бехабардир.

И.Худойберганов марказ мутасаддилари ташаббус гуруҳлари ёрдамга муҳтож пайтда фаолиятсиз бўлгани учун улар номидан телевидение орқали гапиришга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG