Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:06

Бўлажак депутатга қандай савол беришни истардингиз?


Зикрилло Ишонч “Озодлик” мухбири сайловчиларга мурожаат қилиб, бўлажак депутатларга қандай саволлар билан мурожаат этишни хоҳлашларини сўради.

Сўровда қатнашганлар бўлажак депутатларга кишилар ҳаётини қандай яхшилаш, коммунал тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, йўлкира нархи нега тинимсиз ошиб бораётгани ҳақида савол беришни хоҳлашини таъкидлади.

“Биз депутатларга қарияларнинг нафақа пулларини ошириш қўлингиздан келадими, имтиёзлар берилишига эриша оласизми каби деган саволларни берган бўлар эдик”, деди баъзи нафақахўрлар.

Сўровда қатнашган ёшлар бўлажак депутатларга порахўрликнинг олдини олиш мумкинми, талабаларнинг турмуш шароитини яхшилашга ёрдам берасизми, мардикорлик муаммосини еча оласизми каби саволлар беришни хоҳлашларини маълум қилди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ёшларнинг 90 фоизидан ортиғи олаётган маошлари ва коммунал тўловлар ўртасида жуда катта номутаносиблик мавжудлигидан нолиди. Уларнинг айтишича, аҳоли турли тўловлар нархининг оширилишига ким рухсат бераётганини ҳам билмай қолади. Чунки бу ҳақдаги қарорлар кимнинг ташаббуси билан қабул қилинаётгани ошкор этилмайди. Депутатлар бу масалага ҳам ойдинлик киритиши керак.

Айрим суҳбатдошлар милиция томонидан кўп жабр кўраётгани, шунинг учун бўлажак депутатлардан ҳуқуқ-тартибот органларига нега шунча ваколатлар берилганини сўрашни хоҳлашини билдирди.

“Олдинги замонда кўпчилик милицияга ишга киришни истамасди. Ҳозир аксарият кишилар обрўлироқ таниши бўлса, ўзини милицияга ишга киритиб қўйишни сўрайди. Бунга сабаб шуки, бугунги кунда милицияда маош ҳам катта, ҳуқуқлари ҳам кўп, сўзи ҳам кўп жойда ўтади”, деди суҳбатдошлар.

Ўрта ёшли суҳбатдошлардан бири депутатлар ваколати даражасида ҳаракат қила олишига шубҳа билан қарашини таъкидлади.

“Улар катта ваколатга эга бўлгани билан юқори лавозимдагилар олдида бош эгиб туради. Улардан халққа енгиллик туғдиришга қурбингиз етадими, деб сўраган бўлардим”, деди суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG