Линклар

“GM-Daewoo” “УзДэуАвто” билан ҳамкорлик қиладими?

  • Ҳасанжон

Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг “Daewoo Motor” компанияси биргаликда ташкил этган “УзДэуАвто” қўшма корхонаси 1996 йилда “Нексия”, “Дамас” ва “Тико” русумидаги автомобилларни ишлаб чиқара бошлаганидан кейин Ўзбекистон дунёдаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлат қаторига қўшилди. Қўшма корхонанинг Андижондаги Асака заводида йиғилган автомобиллар республика кўчалари қиёфасини ўзгартирди, одамлар оғирини енгил қилди. Айни пайтда, Россия ва бошқа давлатлардан Ўзбекистонга енгил автомобил импорт қилиш камайди. “УзДэуАвто” қўшма корхонаси ишлаб чиқаришни йилдан-йилга кўпайтираётганига қарамай, корхона келажаги мавхум бўлиб қолмоқда.

“УзДэуАвто” қўшма корхонасининг жанубий кореялик таъсисчиси “Daewoo Motor” компанияси инқирозга учраганидан кейин уни 2002 йилда Америкадаги автомобил ишлаб чиқарувчи энг йирик “General Motors” компанияси сотиб олиб, ўрнига янги “GM-Daewoo” компаниясини ташкил этди. Бироқ “General Motors” “Daewoo Motor”нинг чет эллардаги 140қа яқин корхонасини сотиб олишни рад этди. Шу сабабли “Daewoo Motor”нинг ўнлаб заводлари бошқа компанияларга сотиб юборилди. Қолганлари инқирозга юз тутди. Аммо Ўзбекистондаги “УзДэуАвто” қўшма корхонасининг тақдири ҳозирча ноаниқ. “GM-Daewoo” ўзбекистонлик автомобилсозлар билан ҳамкорлик қилиш масаласида узил-кесил қарорга келмаган. “GM-Daewoo” “Chevrolet” маркали автомобил ишлаб чиқариб уни чет элларга экспорт қилишни режалаган.

“Коммерсант” газетасининг “GM-Daewoo” Президенти Ник Райлига асосланиб маълум қилишича, агар “УзДэуАвто” “Daewoo Motor”га бўлган қарзларини тўласа, “GM-Daewoo” Ўзбекистонда ҳам “Chevrolet” ишлаб чиқарилиши бўйича “УзДэуАвто” билан ҳамкорлик қилади.

Айни пайтда “Коммерсант” газетасининг “УзДэуАвто” қўшма корхонаси Бош директори Қудрат Парпиевга асосланиб ёзишича, бу ерда гап “General Motors” “Daewoo Motor”ни сотиб олгунича томонлар ўртасида юзага келган қарз тўғрисида кетмоқда.

“УзДэуАвто” қўшма корхонаси Бош директори муовини Ольга Раҳимжанова Озодлик мухбири билан суҳбатда бу қарз бир томонлама эмас, икки томонлама эканини айтади:


"Биз “Daewoo Motor” компаниясига қанчадир миқдорда пул қарзмиз. Ўз навбатида “Daewoo Motor” компанияси ҳам бизга қарздор. Бу “Daewoo Motor” компаниясини тугатиш юзасидан олиб бориладиган музокаралар жараёнида кўриладиган масала” - дея жавоб берди.
Агар “GM-Daewoo” ҳамкорлик қилишни хоҳламаса, “УзДэуАвто” қўшма корхонаси қандай маркадаги автомобил чиқаради, деган саволга Раҳимжанова:


"Корея томонидан таъсисчимиз “Daewoo Motor” компанияси. Шунинг учун “УзДэуАвто” қўшма корхонасининг қандай маркадаги автомобил чиқариши “Daewoo Motor” билан ўзаро ҳисоб-китоб тугатганидан кейин маълум бўлади. Ҳозирча биз “УзДэу” русумидаги автомобилларни ишлаб чиқаряпмиз. Бу масала, биринчидан, “Daewoo Motor” вакиллари билан сўзлашувлар натижасига, иккинчидан потенциал ва стратегик ҳамкорлар билан олиб борилаётган музокаралар натижасига ҳам боғлиқ” - дея жавоб берди “УзДэуАвто” қўшма корхонаси вакили.

Рахимжановага кўра, “GM-Daewoo” “УзДэуАвто” қўшма корхонаси билан 2003 йил январида эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ҳақидаги 3 йилга мўлжалланган шартнома имзолаган. Ушбу келишув муддати 2006 йил январида тугайди. Жорий йилда “GM-Daewoo” Ўзбекистонга 70 минг автомобилга етарли эҳтиёт қисм жўнатган ва келаси йилда 110 минг автомобил учун эҳтиёт қисмлар жўнатади. “GM-Daewoo” ва “УзДэуАвто” қўшма корхонаси имзолаган келишув муддати тугаганидан сўнг, томонлар розилиги билан у яна узайтирилиши мумкин.

Кузатувчилар фикрича, агар “УзДэуАвто” қўшма корхонаси 2005 йил октябригача “Daewoo Motor” компанияси билан ўзаро ҳисоб-китобни тугатса, Ўзбекистонда “GM-Daewoo” ҳамкорлигида “Chevrolet” маркали автомобил йиғиш йўлга қўйилиши ва ички бозордан ташқари МДҲ ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилиниши мумкин.
Асакада “Chevrolet” ишлаб чиқарила бошланса, “Daewoo” автомобиллари билан тўлиб-тошган Ўзбекистон кўчалари манзараси ҳам бир оз ўзгарса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG