Линклар

logo-print

Америкалик олимлар Атлантидани топишди


Ҳурмат Бобажон Америкалик олимлар қадимги юнон китобларида ёзилган Атлантида шаҳри қолдиқларини топганликларини даъво қилмоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, тўққиз минг йил аввал мавжуд бўлган ушбу афсонавий шаҳар қолдиқлари Қибрис ва Сурия оралиғидаги денгиз тубидан топилган.

Атлантида ҳақида илк бор милоддан аввалги IV асрда юнон файласуфи Платон ўз китобида ёзган. Афсонага айланган ушбу шаҳар тўғрисида кўплаб бошқа ёзувчи-шоирлар асарларида ҳам ўқиш мумкин. Айтилишича, Атлантида шаҳри бундан 9 минг йил аввал мавжуд бўлиб, бу оролда одамлар фаровон ҳаёт кечирганлар. Дунёдаги энг гўзал иқлим, ҳашаматли саройлару олтин-кумуш билан безалган уйлар айнан мана шу шаҳарда мужассам бўлган. Ўн нафар доно шаҳзода бошқарган Атлантидада ҳаёт шунчалар фаровон бўлганки, бу ерда яшовчи камдан-кам одам жисмоний меҳнат билан шуғулланган.

Аммо, бошқа қабилаларнинг босқинчилик хуружларидан сўнг китобларда жаннатга қиёсланган бу шаҳар харобага айланди. Давомли зилзила ва тўфонлар оқибатида Атлантида буткул денгизга ғарқ бўлди, дея ёзилади юнон файласуфи Платон асарида.

Ўшандан бери Атлантида шаҳри Муқаддас Граал, Нуҳ кемаси қатори тарихий жумбоқ бўлиб қолмоқда. Кўпчилик тадқиқотчилар бу шаҳарни Азор, Қанар, Крит ороллари, Тунис, Швеция, Африка ғарбий қирғоқларидан излашган. Инглиз шоири Уилям Блэйк эса афсонавий шаҳар вайроналари Англия қирғоқлари яқинида бўлишини тахмин қилган.

Аммо, куни кеча америкалик тадқиқотчи Роберт Сармаст Атлантида шаҳри қолдиқлари Қибрис ва Сурия оралиғидан топилганини ва бу шаҳар тўққиз минг йил аввал айни худудда бўлганини журналистларга маълум қилди. Сармастнинг даъво қилишича, денгиз тубидан топилган ашъёлар худди юнон файласуфи Платон китобида тасвирлаган манзарани эслатади.

"Бир неча минг метр денгиз тубидаги баландлик атрофида ҳандаклар, деворлар, дарё ўзанлари худди китобда тасвирлаб берилгандек кўз олдингизда намоён бўлади", - дейди Роберт Сармаст.

Асли касби меъмор бўлган 38 яшар лос-анжелеслик Сармаст икки ярим йиллик иш фаолиятини Атлантидани қидиришга бағишлади. Олиб борилган тадқиқотлар давомида унинг гуруҳи афсонавий шаҳардан дарак берувчи 60дан ортиқ ашёни топган.

"Атлантида шаҳри ўртасида пастқам тоғ кўрамиз. Акропол баландлиги деб аталувчи бу тоғ оролнинг энг ҳимояланган жойи бўлган бўлса керак. Чунки, муқаддас жойлар, ибодатхоналар айни баландликда бўлган."

Кўпчилик, Роберт Сармаст кашфиётига катта қизиқиш билан қарамоқда. Аммо, бунга ишонқирамай ёндашаётганлар ҳам йўқ эмас. Айримлар эса бундай шаҳар умуман бўлмаган деган фикрда. Улар фикрича, Платон асарида тасвирланган бу шаҳар файласуф ҳаёли меваси, холос.

Британиялик археолог, Эдинбург университетининг Яқин Шарқ цивилизацияси бўйича мутахассисиси Тони Уилкинсон шундай дегувчилардан. Озодлик мухбири билан суҳбатда Уилкинсон Сармаст ва унинг гуруҳини ўрмонда адашиб қолган Атлантида изловчилари сифатида таърифлайди.

"18 минг йил аввал шимолий музликлар эрий бошлаганидан сўнг, қитъа сув остида қолганини биз биламиз. Ўшанда денгиз сатҳи ҳозиргидан 120 метр паст бўлган. Эрамиздан 8 минг йил аввал эса денгиз сатҳи ҳозиргидан тахминан 20-10 метр паст бўлган".

Уилкинсоннинг айтишича, Сармаст Атландидани эмас, балки тошқин оқибатида сув остида қолган ўша пайтдаги шаҳарлар қолдиқларини топган бўлишилари мумкин.
XS
SM
MD
LG