Линклар

Давлат бюджети — баҳсли масала. Бироқ Ўзбекистондамас.

  • Барно Анвар

Куни кеча Қозоғистон парламети мамлакатнинг 2005 йилги бюжетини қабул қилди. Бир қарашда бу оддий гап, янгилиги йўқдай. Аммо, давлат бюджетини қабул қилгунга қадар бўлган жараён эътиборни тортади. Парламент депутатлари давлат бюджетидан сарфланган ва сарфланаётган ҳар бир танга учун баҳслашишди, тортишишди. Муҳими, бу баҳслар бошдан-оёқ қозоғистонликларларга намойиш этилди.

Қозоғистон Парламенти — Мажлиснинг 2005 йил учун тасдиқлаган мамлакат бюджети режасига кўра, келгуси йили мамлакат даромади 1 триллион 128 миллиард танга — саккиз ярим миллиард АҚШ доллари, деб белгиланди. Йиллик чиқим учун эса тўққиз ярим миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Хабарларда айтилишича, депутатларнинг минимал иш ҳаққини етти минг танга, яъни 53 АҚШ доллари қилиб белгилаш тўғрисидаги таклифи ҳам қабул қилинган.

Озодликнинг Остона шаҳридаги мухбири хабар қилишича, Парламент йиғилиши кескин тортишувлар билан ўтган. Сенат депутатлари Давлат бюджетини белгилаш бўйича Парламентнинг қўшма комиссияси раисини кўпроқ ҳукуматнинг райига қулоқ солганликда айблади. Жумладан, депутат Жўмартқали Жексенбеев бундай деди:

“Сиз кўпроқ ҳукуматга қулоқ солдингиз. Давлат бюджетини белгилаш, сарф-ҳаражат масаласида депутатларнинг кўпгина таклифлари қолиб кетаяпти”.

Депутатларнинг эътирозига сабаб бўлган асосий масалалардан бири Қозоғистонда тоза ичимлик сувини таъминлаш бўлди. Депутатларнинг бир олиб, бири қўйиб, ўтган йили давлат бюджетидан ажратилган 2 миллиард танга ичимлик суви таъминоти учун етмагани, бу йил ажратилган 5 миллиард танга ҳам аслида кам эканлигини гапиришди:

“Аслида Қозоғистон халқи учун энг муҳим масала шу. Элнинг соғлиғи, фаровонлиги учун зарури шу. Жаноб вазирлар биринчи навбатда шу масалани ҳал қилиб қўйишса яхши бўларди”.
“Ҳар биримизни куйинтириб турган масала, ваниҳоят, бу йил тоза ичимлик суви муаммоси ҳал бўлармикин, деган савол бўлиб турибди. Ўтган йили ҳам худди шу масалада тортишган эдик. Бу йил ҳам шу гап”.

“Ўтган йили ичимлик суви таъминотига ажратилган икки миллиард танга аслида жуда кам. Халқ бўлса, биздан асосан, шу масалани ҳал қилиб беришимизни сўраяпти. Муаммони бир йўла ҳал қилиш учун етарли даражада маблағ бериш керак”.

Парламент қўшма комиссияси раиси Тўлабек Қўшманбетов Мажлис йиғинида биргина ичимлик суви таъминоти масаласи атрофида ҳар тарафдан ёғилган эътирозларга қарши фақат икки оғиз жумла айтa олди, холос.

“Келгуси йил тоза ичимлик суви таъминоти учун 15 миллиард танга ажратамиз”.

Депутат Қувонч Султонов эса мамлакат учун ичимлик суви, соғлиқни сақлаш масаласи катта муаммо бўлиб турган вақтда Қозоғистон мусиқа академиясининг 2 миллион АҚШ долларига мусиқа асбобларини сотиб олиш шартмиди, деган эътирозли фикрни ўртага ташлади.

“Мамлакатда шунча қийинчилик бўлиб турганда, мусиқа академиясига 2 миллион АҚШ долларига орган олиш, худди бойвачча рестораннинг роял сотиб олайлик, деган гапига ўхшаган гапда энди”.

Бу фикр ҳам тортишувларга сабаб бўлиб кетди. Давлат бюджети сметасига кўра, бу маблағ мусиқа академиясига орган мусиқа асбобини сотиб олиш учун ажратилган. Айрим депутатлар ҳозир шу зарилмиди, деб эътироз билдирса, айримлари академия ташкил қилганимиздан кейин унинг кам-кўстини ҳам битириб берайлик-да, деган фикрни айтишди.

“Мусиқа академияси бўлгандан кейин унда орган бўлиши керак. Бу худди “Қорнини ҳам тўйғаз, уст-бошини ҳам бутла”, деган гап-ку, ахир?!”

Хуллас, Қозоғистоннинг 2005 йилги давлат бюджетини Парламентда тасдиқлатиб олиш, давлат бюджетини белгилаш бўйича қўшма комиссия учун катта тоғни ошиб ўтишдек бир гап бўлди, чоғи.
XS
SM
MD
LG