Линклар

Колин Пауэлл Давлат Котиби лавозимини тарк этмоқда

  • Абдулла Искандар

АҚШ Президенти Жорж Буш давлат котиби лавозимига ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райсни номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда Оқ Уйнинг юқори мулозимлари эълон қилишди. Уларнинг айтишича, Президент Бушнинг яқин сафдошларидан бири ҳисобланган 50 ёшли Райс хоним душанба куни истеъфога чиққан Колин Пауэлл ўрнига тайинланади. Жаноб Пауэлл истеъфоси ҳақидаги хабарлар ортидан Оқ Уй маъмуриятидан яна уч вазирнинг кетиши маълум бўлди. Шундай қилиб, маъмуриятдаги ўн беш вазирдан олтитаси истеъфога чиқди. Булар Адлия вазири Жон Эшкфрофт¸ Савдо вазири Дон Эванс¸ Энергетика вазири Спенсер Абраҳам¸ Қишлоқ хўжалик вазири Энн Виннеман ва Маориф вазири Род Пейж. Мутахассиларнинг айтишича, Райс хоним Давлат котиблигига анча зиддиятли номзод ҳисобланади. Хўш АҚШ ташқи сиëсатидаги энг катта лавозимга ўтираëтган шахс Кондолиза Райс ким ўзи? 50 яшар афроамерикалик аëлнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилиш жараëни қандай кечди. Абдулла Искандар билан суҳбатимиз шу мавзуда.

А.И.: Номақбул шароитларга басма-бас¸ лавозим сари.
Кондолиза Райс портретини икки оғиз сўз ëрдамида чизиш зарурати туғилса¸ энг номақбул шароитларга басма-бас¸ энг катта лавозимга йўл топа олган аëл деган калимани қўллаш мумкин.

Бугунга келиб АҚШ президенти ҳар куни учрашадиган аëл Кондализа Райсдир. Айни пайтда Райс дунë сиëсатига энг кўп таъсир ўтказаëтган аëлдир.
У АҚШда бундай юксак лавозимга ўтирган биринчи қора танли аëл.
Райс оқ танли эркаклар клуби деб хисобланадиган республикачилар партиясидаги кучли сиëсатчи сифатида кўрилади.

Кондолиза Райс 1954 йилда Алабама штатининг Бирмингем шаҳрида черков хизматчиси оиласида туғилди. Кондолиза Райс 9 ëшда эканлигидаëқ оқ танлиларнинг афроамерикаликларни таҳқирлаëтганлигини кўрди. У отаси билан бирга ўз шахридаги қора танли ирқдошларини оқ танлилар тажовузидан ҳимоя қилди. Университетнинг ҳалқаро алоқалар бўлимини тугаллаган Конди президент Рейган маъмуриятидагиларнинг назарига тушди.

АҚШдаги икки сиëсатчи генерал Брент Скаукрофт ва президент Рейганнинг котиби Жорж Шютц Кондига сиëсат эшигини очиб беришди. 1989 йилда генерал Скаукрофт Бушнинг хавфсизлик масалалари бўйича ëрдамчиси қилиб тайинланади. Генерал ўзи билан бирга Кондини ҳам Оқ уйга олиб келади.

Конди Совет Иттифоқи ва Шарқий Европа масалалари билан шуғулланувчи гуруҳ таркибида иш бошлайди. Ҳудди шу даврда у Бушлар оиласи меҳрини қозонади.

1995 йилда у АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг ўғли кичик Жорж Буш билан танишиб қолади ва унга муз устида конки учишни ўргата бошлайди.
Кўп ўтмай улар дунë сиëсати деб номланган муз сахнида бирга рақс туша бошлайдилар.

Шундай қилиб АҚШнинг овлоқ бурчагидан чиққан Кондализа Райс АҚШ сиëсатидаги энг катта фигуралардан бирига айланди.

Ф.С.: Мана Абдулла Искандар АҚШ давлат котиби лавозимига ўтирган аëл ким деган саволга жавоб топдик. Хўш бу лавозимдан ҳайр-маъзур қилган Колин Пауэл ҳақида нима дейиш мумкин?

А.И.: Яхши миршаб ўз ўрнини ëмон миршабга бўшатиб берди.
Фаранггиз агар немис матбуоти таъбири билан айтадиган бўлсак собиқ давлат котиби Колин Пауэлл яхши миршаб эди. “Велт” газетасида ëзилган мана бу сатрларга эътибор қаратсак:

"Европаликлар учун Колин Пауэлл Буш маъмурияти ичидаги Жон Керри каби эди. У европаликларнинг океан ортидаги сўнгги умиди эди. У ҳар доим мўътадил¸ оқил ва адолатли ташқи сиëсат тамсилчиси каби кўринар эди. У "яхши миршаб" эди. Сиëсий саҳнани бўшатаëтган Пауэлл ўз ўрнини "ëмон миршаб"га бўшатиб берди”

Бу “Велт” газетасидаги мақоладан иқтибос.

Ф.С.: Энди Колин Пауэлл биографиясига оид бир-икки оғиз гапирсангиз.

А.И.: Ëнаëтган вертолет ичидан ўзини қутқарган ватанпарвар.
Колин Пауэлл 67 ëшдаги армия генералидир. У Ню-Йоркнинг қора танлилар яшайдиган ҳароба мавзеларидан бирида вояга етди. Ҳарвард университетини тугатиб¸ урушга йўл олди. Ветнам урушида у тушган вертолет ëниб кетади. Колин Пауэл ëнаëтган вертолет ичидан ўзини ва сафдошларини қутқаради. 1973 йилда Жанубий Кореядаги ҳарбий гуруҳга раҳбарлик қилди. Шунингдек у Гренеда¸ Панама¸ Сомали ва Босниядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этди. Уни баъзан ҳарбий жиноятларда ҳам айблашади. Айни пайтда Колин Пауэлл Уайнбергер доктринаси муаллифидир. Бу доктрина АҚШнинг форс кўрфазидаги манфаатларини қурол билан ҳимоя қилишни тақозо қилади.

Ф.С.: Хўш мана Колин Пауэлл кетиб унинг ўрнига Кондализа Райс келди. Бу холат АҚШнинг ташқи сиëсатида қандай акс этади.

А.И.: Ташқи сиëсатда Пауэлл дастхати сақланиб қолади.
Кузатувчилар Колин Пауэлнинг кетиши билан АҚШ ташқи сиëсати анча қаттиқлашади деган фикрни айтишмоқда. Олдингги сиëсат ўзбек эртакларидаги ўнг қўл вазир¸ чап қўл вазир сиëсатига ўхшар эди. Энди сиëсатни йўналтириш фақат чап вазир иродасига боғлиқ бўлиб қоладиган кўринади.

Аввало Яқин шарқ масаласида АҚШ томонидан анча қатъий қадамлар қўйилиши кутилмоқда. Кондализа Райс Яасир Арафатни сиëсий яккалаб қўйиш ташаббускорларидан бири бўлган эди. Арафатнинг ўлими Яқин шарқда ўзгаришлар ясашни иддао қилаëтган Райс учун анча имкониятлар очади.

Иккинчидан Эрон масаласида ҳам қатъий қадамлар қўйилиши мумкин. Ҳар ҳолда расмий Теҳрон ўз ядровий дастурини тўхтатиб олдиндан ўз хавфсизлигини таъминлаган бўлса ҳам. Райснинг Совет Иттифоқи бўйича мутахассис экани ҳисобга олинса Россия билан муносабатларда ҳам ўзгаришлар кутилиши мумкин.

Айни пайтда Жорж Бушнинг ташқи сиëсатни таранглаштирмаслик ҳақидаги баëнотлари ва Ироқ урушининг боши берк кўчага кириб қолгани ҳисобга олинса ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳам мумкин. Бу ëғини омон бўлсак кўрамиз.

Ф.С.: Раҳмат Абдулла.
XS
SM
MD
LG