Линклар

Қозоғистон Уйғур фаолларини Хитойга эктрадиция қилди

  • Ҳасанжон

7 ноябр куни Қозоғистон ҳуқуқ тартибот идоралари Ал-Қайдага алоқадор гуруҳ аъзолари қўлга олинганини маълум қилди. Ўзини “Марказий Осиё мужохидлар жамоаси” дея атаётган мазкур гуруҳ аъзолари террорчилар тайёрлаш ишлари билан шуғулланганликда айбланмоқда. 16 ноябр куни Қозоғистон расмийлари сўнгги олти йил ичида ўндан ортиқ уйғур фаоли Хитой ва Қирғизистонга экстрадиция қилинганини билдирди.

Бу борадаги сўнгги янгиликни Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Владимир Божко Остонада бўлиб ўтган матбуот конференциясида эълон қилиб қолди:


”Сепаратчи уйғур ташкилотларига алоқадорлиги аниқланган 14 шахс қўлга олиниб, Қирғизистон ва Хитой халқ республикасига экстрадиция қилинди” .

Божкога кўра, экстрадиция қилинган шахсларнинг ҳаммаси сепаратчи уйғур ташкилоти, дея аталаётган Шарқий Туркистон миллий озодлик ҳаракати аъзоси бўлган. Бу воқеа халқаро матбуот ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари назаридан четда қолмади.

Марк Аллисон Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия ташкилотининг уйғурлар масалалари бўйича мутахассиси. Аллисонга кўра, минтақа ҳукуматлари Марказий Осиёга сиёсий ва иқтисодий таъсири кучли бўлган Пекин расмийлари босими остида уйғур фаолларини овлаш кампаниясини олиб бормоқда. Озодлик мухбири билан суҳбатда Аллисон Қозоғистон ҳукумати Хитойга экстрадиция қилган уйғурларнинг қийноққа солиниши ва ўлимга ҳукм этилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди:


”Ўтмишга назар ташласак, бошқа давлатларда ушланиб, Хитойга экстрадиция қилинган уйғур фаоллари қамоққа ташланган ва қийноқларга солинган. Уларга нисбатан қўпол муомалада бўлинган. Баъзи уйғур фаоллари эса қатл этилган. Биз барча давлатлар, жумладан Қозоғистонни ҳам уйғур фаолларини инсон ҳуқуқлари халқаро қонунларга зид равишда қўпол бузилаётган Хитойга мажбуран экстрадиция қилмасликка чақирамиз” - дейди инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили.

Германиядаги Шарқий Туркистон ахборот маркази матбуот котиби Дилшод Рашид Аллисон билдирган фикрга қўшилишини айтади. Дилшодга кўра, Қозоғистондан экстрадиция қилинган уйғур фаолларини қийноқлар, кўп йиллик қамоқ жазоси ва ҳатто ўлим жазоси кутмоқда.

“Хитойга қайтарилган уйғур фаолларини турма кутмоқда. Улар қийноққа солинади. Уларга энг оғир жазо - ўлим жазоси белгиланиши мумкин. Энг енгил жазо эса камида 10 - 15 йиллик қамоқ бўлади” - дейди уйғур фаоли Дилшод Рашид.

Шарқий Туркистон ахборот маркази вакили Хитойда ҳибсда сақланаётган уйғур фаолларига адвокат ёллаш имконияти берилмаслигини айтади:

“Хитойда адолатли суд умуман йўқ. Экстрадиция қилинган одамнинг ўзига кучли адвокат олишга имконияти йўқ. Демак, хитойлар нима деса, шу бўляпти у ерда. Уйғурлар ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас”. – дейди Дилшод Рашид.

Қозоғистондан Хитойга экстрадиция қилинган уйғур фаоллари тақдири қандай тугаши мумкин, деган саволга:


”Хитойга экстрадиция қилинган шахслар тақдири қандай тугашини билиш имконсиз. Шунга қарамай, биз баъзан норасмий манбалардан маълумотлар оламиз. Яна бир бор айтаман, экстрадиция қилинганлар тақдирини билиш жуда қийин”. - дейди Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Марк Аллисон.
XS
SM
MD
LG