Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Бирликчининг номзоди рад этилди


15 ноябрь куни Наманган вилояти сайлов комиссияси ташаббус гуруҳи орқали вилоят халқ депутатлари кенгашига сайланмоқчи бўлган Уйчи туманидаги 10-ўрта мактаб ўқитувчиси, “Бирлик халқ ҳаракати” партияси туман кенгаши биринчи котиби Олимжон Юнусовнинг номзодини рад этди.

Ташаббус гуруҳи О.Юнусовнинг номзодини Уйчи туманидаги 42-Ёркатай сайлов округидан кўрсатган эди.

О.Юнусовнинг сўзларига қараганда, сайлов кампанияси бошланишидан олдин у сайловни бойкот қилиш тарафдори эди. Бироқ Марказий сайлов комиссияси раиси Бўритош Мустафоев сайловда барча кучлар, жумладан, ташаббус гуруҳлари қатнашишига ҳам кенг йўл берилишини эълон қилгандан сўнг ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслигига умид қилиб, ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатган. Қонунда вилоят кенгаши депутатлигига ташаббус гуруҳи орқали номзод кўрсатиш учун 50 киши иштирокида йиғилиш ўтказилиши белгиланган бўлса-да, юздан ортиқ фуқаро иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Улардан 72 таси ташаббус гуруҳига киритилган. Ташаббус гуруҳи рўйхатга ҳам олинган.

О.Юнусовнинг таъкидлашича, МСК ташаббус гуруҳлари фаолиятини бошлашга рухсат берган пайтда вилоятдаги бирорта сайлов комиссияси иш бошламаган эди. Ҳатто вилоят сайлов комиссиясида яқин-яқингача сайлов тўғрисидаги қонун бўлмаган. Шу сабабли ташаббус гуруҳи МСК кўрсатмаларига амал қилган ҳолда имзо йиғишга киришган. Қонунда сўралган 1608 имзо ўрнига 2200 та, яъни 600 та кўп имзо йиғилган. Бу имзолар 12 ноябрь куни округ сайлов комиссиясига топширилган. Комиссия ишончли вакилларга рухсатномалар берган.

“Шундан сўнг турли даражадаги мансабдор шахслар номзодим юқоридагиларга ёқмаслигини айтиб, номзодимни қайтариб олишга кўндиришга кўп ҳаракатлар қилди. Лекин мен кўнмадим” , деди О.Юнусов.

О.Юнусов тарафдорларининг имзосини текшириш учун сайлов округида тўртта гуруҳ ташкил этилди.

“Мени номзодимни қўллаганлардан оқ қоғозга ўтирган ҳолатда ўнта, тик турган ҳолатда ўнта имзо қўйиш талаб этилди. Шундан кейин эксперт бу имзоларни биз йиққан имзоларга солиштирар экан. Рўза кунларида ўзи зўрға кун кўраётан кишиларга бундай талаб қўйишни мен қабул қила олмадим” , деди “Бирлик” аъзоси.

О.Юнусовнинг айтишича, 15 ноябрь куни вилоят сайлов комиссияси йиғилган имзолар сохталаштирилганини билдириб, ташаббус гуруҳининг номзоди сайловга қўйилишини рад этган.

Наманган вилояти сайлов комиссияси раиси Солижон Нодировнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, имзолар ҳақиқатан ҳам сохталаштирилган. Айрим ҳолатларда имзо чеккан кишиларнинг исм-шарифлари ёзилмаган.

Ташаббус гуруҳининг ишончли вакили Муҳаммаджон Ҳайдаров комиссия раисининг даъволарини инкор қилди. Зеро, унинг айтишича, шундай баҳоналарга йўл бермаслик мақсадида ташаббус гуруҳи аъзолари имзо қўювчиларга вазиятни атрофлича тушунтирган.
XS
SM
MD
LG