Линклар

logo-print

Ўзбекистонда 15 та диний конфессия расман рўйхатга олинган


Феруза Бугунги кунда Ўзбекистонда ўн беш йўналишдаги диний ташкилотлар расман рўйхатга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси конфессиялар билан ишлаш бўлими бошлиғи Камол Комилов маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, рўйхатга олинган конфессиялар орасида ислом, рус православ ва рим католик черковлари, 7-кун адвентистлар, немис лютеран, янги апостол, корейс протестант, евангилист христианлар каби черковлар, буддавийлик, Кришнани англаш каби жамоатлар бор.

К.Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган ҳар қандай диний ташкилот эркин фаолият юрита олади. Уларнинг фаолияти 1998 йилда янги таҳрирда қабул қилинган эркинлик ва диний ташкилот тўғрисидаги қонун билан кафолатланган. Мамлакатда “Ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик тараққиёт омили” шиори остида семинар кенгашлар мунтазам ўтказиб келинади. Бу тадбирда рўйхатдан ўтган барча диний ташкилотлар вакиллари қатнашади.

Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё епархияси протерийси Николай “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мазкур дин вакиллари ва мусулмонлар ўртасида жуда ажойиб алоқалар йўлга қўйилганини билдирди.

“Ўзбекистонда диний маросимларимиз, ибодатларимизни ўтказишда ҳеч қандай тўсиқ ва қарама-қаршиликлар йўқ. Ҳатто атеизм сиёсати олиб борилган даврда ҳам Ўзбекистонда христианлар черковларга бориб, бемалол ибодат қиларди” , деди протерий.

Вефил евангелий-христиан черкови вакиласи Венера Борисовнанинг айтишича, бу черков ошкора фаолият кўрсатади. Унинг фаолиятига тўсиқ йўқ. Гарчи черков мусулмон масжидлари билан расман алоқа ўрнатмаган бўлса-да, ислом динига эътиқод қиладиган баъзи шахслар билан муносабатлар ўрнатилган.

Библия жамияти вакилининг эътирофича, жамият Библияни муқаддас китоб сифатида қабул қиладиган ҳар қандай черков билан алоқа ўрнатади. Жамият мазкур китобга ишонувчиларни, улар қандай динга эътиқод қилишидан қатъи назар, бирдек кўради. Ҳозир жамият таркибида ўзбек насронийлари ҳам кўп.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида Кришнани англаш жамоаси ва Қорақалпоғистонда Иегова гувоҳлари ташкилоти вакиллари фаолиятига нисбатан жиддий тўсиқ ва тазйиқлар бўлган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти мутахассиси Одил Қориевнинг таъкидлашича, мазкур жамоалар ўзлари мансуб бўлган диний йўналишлар принципларига риоя қилмагани учун ушбу диний йўналишлар раҳнамолари томонидан ҳам инкор этилади. Бу табиий ҳол. Диний бағрикенглик дея асрлар давомида шаклланган динларни ниқоб қилган, баъзи кимсаларнинг манфаатларини кўзлайдиган бундай жамоатларни қўллаб-қувватлаб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG