Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:37

С. Сафоев: Ўзбекистон ҳамиша демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилади


Феруза 15 ноябрь куни Тошкентга келган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Майкл Козак Ўзбекистон расмийлари билан бир неча музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда айтилишича, М.Козакнинг ташрифидан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идораларида ўзбек-америка ҳамкорлигининг ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, мамлакатдаги сиёсий ва демократик ислоҳотлар жараёни билан танишиш, парламент сайловига тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнини ўрганиш ҳамда Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашишдан иборат.

16 ноябрь куни М.Козак Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан учрашди. Хабарларга кўра, ўзаро суҳбат чоғида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловига кўплаб хорижий мамлакатлардан, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчилар таклиф этиш режалаштирилаётгани маълум қилинган. С.Сафоев демократия ва инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон ҳамиша ва ошкора ҳурмат қиладиган муҳим соҳалар эканини таъкидлаган ҳамда мамлакатда 300 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик ташкилотлари фаолият кўрсатаётганини қайд этган.

М.Козак шу куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий марказида ҳам бўлди.

17 ноябрда М.Козак бошчилигидаги делегация Ички ишлар ва Адлия вазирликлари, Бош прокуратурада қабул қилинди.

Ички ишлар ва Адлия вазирликлари мутасаддиларидан музокаралар чоғида муҳокама қилинган мавзулар хусусида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Бош прокурорининг М.Козак билан учрашувида терроризмга қарши кураш, прокуратура фаолиятидаги ошкоралик, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, қонунчилик ташаббуси, жамиятни ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари муҳокама қилинган.

17 ноябрь куни америкалик меҳмонлар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси вакиллари билан ҳам учрашди. Делегацияни МСК раиси ўринбосари Сайёра Хўжаева қабул қилди.

С.Хўжаеванинг таъкидлашича, америкалик меҳмонлар сайлов жараёни, унда ошкораликни таъминлаш масалалари билан таништирилган. Шунингдек, М.Козакни сайловда ташаббус гуруҳларининг иштироки масаласи кўпроқ қизиқтирган. У мухолифат партиялар вакиллари номзоди кўрсатилган ташаббус гуруҳларини рўйхатга олишда мушкулликлар бўлганини айтган. Бироқ МСК вакиллари бу айбловни рад этган.

“Рўйхатга олиш рад этилган ташаббус гуруҳлари орасида ҳар турли номзодлар, хусусан, давлат ташкилотларида ишлайдиган кишилар ҳам бор” , деди С.Хўжаева.

М.Козак Ўзбекистонда расман рўйхатга олиниб, сайловда иштирок этаётган бешта сиёсий партия раҳбарлари билан ҳам учрашди.

Маълумотларга кўра, М.Козак бошчилигидаги делегация Ўзбекистон расмийлари билан ўтказилган музокараларда кўтарилган мавзулар юзасидан нодавлат ташкилотлар вакилларининг қарашларини ҳам ўрганишни режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG