Линклар

logo-print

Путин собиқ СССР Мудофаа вазирига ҳукумат ордени берди.

  • Ҳасанжон

Россия Президенти Владимир Путин иккинчи жаҳон уруши ветерани, собиқ СССР Мудофаа вазири Дмитрий Язовни, 80 ёшга тўлгани муносабати билан “Хизматлари учун ордени” билан тақдирлади. Язов 1991 йил августида СССР Президенти Михаил Горбачевни ҳокимиятдан ағдаришга уринган путч иштирокчиларидан биридир. Маълумки, сўнгги йилларда Владимир Путин собиқ СССР гимни, советларнинг қизил юлдузи ва баъзи ҳарбий нишонларни қайта тиклади. Россия раҳбарининг собиқ СССР Мудофаа вазирини ҳукумат ордени билан тақдирлангани нимани англатади? Бу ҳаракат ортида қандай ният яширинган?

Кузатувчи ва сиёсатчиларга кўра, Россия Президенти Владимир Путин Дмитрий Язовни “Хизматлари учун ордени” билан тақдирлагани мунозарали масала ва бу Россиянинг яқин ўтмишига қараши ўзгараётганини кўрсатади.
Москвадаги Карнеги марказининг Россия ички сиёсати бўйича таҳлилчиси Николай Петровга кўра, Путин Язовни тақдирлаш орқали 1991 йилги давлат тўнтаришига уринишни оқлаш ёки путччилар тарафини олиш ниятида эмас. Россиялик таҳлилчига кўра, бу ҳаракат ортида бошқа мақсад бор:

”Путинни оқлаш, дейиш жуда кучли эшитилиши мумкин. Аммо сўнгги пайтларда, нафақат сўнгги пайтларда балки, умуман Путин ҳатти-ҳаракатларидан Совет Иттифоқи раҳбарларининг баъзи салбий томонлари ва хато-камчиликларига қарамай, уларнинг ўз даврида катта ютуқ ва ижобий жиҳатга ҳам эга бўлганини кўрсатиш истаги борлигини кўриш мумкин” - дейди Карнеги маркази таҳлилчиси.

Николай Петровга кўра, Россия армияси қўмондонлари, ветеранлар ҳамда жамиятнинг Совет Иттифоқини қўмсайдиган катта қисми ҳозир ҳам собиқ Мудофаа вазири Димитрий Язовни ҳурмат қилади.

Москвадаги таҳлилчимиз Толиб Саидбоев бу фикрга қўшилишини айтади. Саидбоевга кўра, Путиннинг Язовни “Хизматлари учун ордени” билан тақдирлагани Россия сиёсий ҳаёти учун янгилик эмас. Чунки россияликлар сўнгги йилларда мамлакатни коммунистлар бошқарган даврга бошқача назар билан қараб, унинг ижобий томонларини топишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Россия Президенти Путиннинг Дмитрий Язовни ҳукумат ордени билан тақдирлагани собиқ совет республикалари учун сиёсий аҳамиятга эга эмаслигини айтади. Аннаевга кўра, Путин Язовни тақдирлаш билан коммунистларга эътибори камаймаганини кўрсатиш, шу билан бирга Россия коммунистик партиясини мамлакатдаги асосий мухолиф партия сифатида сақлаб қолиш ниятида бўлиши мумкинлигини айтади.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Николай Петровга кўра, Путин Совет армияси ва унинг қўмондонларини яхши кўришини хеч қачон яширмаган. Таҳлилчига кўра, Путин профессионал ҳарбийлар ва “унчалик профессионал бўлмаган” совет сиёсатчилари ўртасида фарқ борлигини кўрсатишни хоҳлайди. “Язов бунга ёрқин мисол бўла олади”, дейди Николай Петров.

1991 йил август ойида амалга ошмай қолган исён Совет Иттифоқи тарихидаги қора кунлардан бири бўлиб тарих саҳифасидан ўрин олди.

Ўша пайтда Литва Бош вазири ва Консерватив партия раҳбари бўлган Андриус Кубилиус путч воқеасини яхши эслашини айтади.

Кубилиус Озодлик мухбири билан суҳбатда Язовга ҳукумат ордени берилгани Россиянинг дунёдаги қудратли давлат ва империя мақомини қайта қўлга киритиш истаги кучлилигидан далолат эканини айтади:

”Биз бу уринишни Россия Совет гимнини қонунийлаштиргани ва шу каби бошқа ҳатти-ҳаракатларда кўришимиз мумкин. Шу орқали Путин Россиянинг империячилик ниятидан қайтмаганини аниқ кўрсатди. У ана шу кайфиятни қайта жонлантириш ва ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқда” - дейди собиқ Литва Бош вазири Андриус Кубилиус.
XS
SM
MD
LG