Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:01

Дипломатлар қозоқча ўрганишди


Бундан 15 йил муқаддам собиқ совет республикаларида бирин кетин давлат тили ҳақидаги қонунлар қабул қилинган эди. Аммо бу қонунларни собиқ Совет республикаларида ҳаëтга тадбиқ қилиш осон кечмаëтир.

Республикалардаги бошқарув ходимларнинг русийзабонлиги бу соҳада катта тўсиқ бўлгани кузатилмоқда.
Бу холат МОдаги Қозоғистон ва Қирғизистон тимсолида яққол кўзга ташланди.
Аммо ўз тақдирини Қозоғистон истиқболи билан боғлаган раҳбарлар тезгина қозоқ тилини ўрганиб олишди.
Айни пайтда Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларининг давлат тилини ўрганиши учун махсус тадбирлар тизимини жорий қилди.
Куни- кеча Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқоев ўз ходимларига қозоқ тили курсларини тугаллаганлиги борасидаги сертифакатларни тантанали тарзда топширди. Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига қозоқ тилини ўргатиш курслари ўтган йили ташкил қилинган эди.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири матбуот котибининг "Озодлик" мухбирига билдиришича¸ вазирликда хужжатларнинг 60 фоизи қозоқ тилида тайëрланмоқда. "Агар ўтган йиллар давомида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигидаги ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида тайëрланганлигини ҳисобга олсак¸ бу катта ютуқдир"¸-деб эътироф қилди Қозоғистон ТИВ вакили.
Бу йил Қозоғистон ТИВ " Қозоқ тилида дипломатик терминларнинг қўлланилиши" деган луғат-маълумотномани чоп қилди.
Айни вақтда Қозоғистон парламенти "Дипломатлик хизмат" ҳақидаги қонунга ҳам ўзгартиш киритди.
Жорий йилдан бошлаб Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига ишга олинадиган ҳодимларнинг қозоқ тилини билиши асосий шартлардан бири қилиб қўйилди.
Қозоғистондаги "Евросиë" халқаро академияси раҳбари Боëнғали Қўйчибоев¸ тил давлатнинг асосий рамзларидан бири дея таъкидлайди:
" Ҳар бир мамлакатнинг ўз рамзлари бўлади¸яъни байроғи¸мадҳияси¸тамғаси ва ҳокозо. Тил ҳам ана шу рамзлардан биридир. Масалан¸ давлат раҳбаримиз чет элга борганида ўз давлати байроғи остида рус тилида сўзлайди. Бу амалда ўнғай бўлса ҳам сиëсий жиҳатдан таҳрирталаб ҳаракатдир. Масалан¸ Франция президенти Жак Ширакнинг жуда яхши немисчаси бор¸ аммо у Германияга борганда нуқул французча гапиради. Нега? Чунки тил давлат рамзидир."
Шу кунларда Қозоғистон пойтаҳти Остона шахрида ўтаëтган халқаро"Қозоқ тили " ташкилиотининг тўртинчи қурултойида ҳам қозоқ тилининг жамиятдаги ролини ошириш ҳақида гапирилди. Қурултой қатнашчиларини Қозоғистон президенти номидан қутлаган давлат котиби Ўролбой Абдукаримов ҳам айни фикрни урғулади:
"Давлат тилининг жамият барча соҳаларида¸жумладан давлат бошқарувида фаол қўланилишини таъминлаш устивор масаладир. Қозоқ тили мавқеини ошириш биз қилишимиз зарур ва керак бўлган ишдир."
"Қозоқ тили" халқаро ташкилоти дунëда ва мамлакатда қозоқ тилини ривожлантириш борасида тадбирлар уюштириб келади.
Қозоқ тили мавқеини оширишни мақсад қилиб қўйган бу ташкилот ҳақида "Озодлик" радиоси қозоқ хизмати бошлиғи Мерҳат Шарипжон гапиради:
"Қозоқ тили" ҳалқаро ташкилоти 1987 йилда Кремлнинг руслаштириш сиëсатига қарши ташкилот сифатида шаклланган эди. Бу ташкилот ўша пайтда анча самарали ишлар қилди¸аммо хозир бу ташкилот иши би оз сусайиб қолди. "Қозоқ тили" ташкилоти илгари сурган ғоялар хозир давлатнинг сиëсий дастуридан ўрин олди."
Журналист Мерҳат Шарипжон Қозоғистон ҳукумати олиб бораëтган қатор тадбирларга қарамасдан¸ қозоқ тили муаммоси ҳали долзарблигича қолаëтганини айтади:
"Қозоғистонда икки журналистика бор. Рус тилида ва қозоқ тилида. Жамият ва сиëсатнинг томир уриши рус тилидаги журналистикада ўз аксини топмоқда. Қозоқ тилидаги журналистика эса зерикарли панд- насиҳатлардан иборат бўлиб қолмоқда. Русийзабон раҳбарлар қозоқ тилини ўрганишга майл кўрсатаëтгани билан¸сиëсий мулоқот рус тилида олиб борилмоқда. Агар жиддий ҳаракат қилинмаса қозоқ тили муомаладан чиқиб қолиши мумкин. Биз бу ҳақда¸ бугун ўйлашимиз керак. Авар шоири Расул Ҳамзатовнинг "агар она тилим эртага ўлса¸ мен бугун ўламан.¸"- деган сўзларини эсдан чиқармайлик."
XS
SM
MD
LG