Линклар

Олима округ сайлов комиссиясидан норози


Хабарларга қараганда, Фарғонада мухолифатга умуман алоқадор бўлмаган кишилар номзодини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатмоқчи бўлган ташаббус гуруҳларини ҳам рўйхатга олмаслик ҳолатлари кузатилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди Гулнора Солижонованинг сўзларига кўра, аввалига унга ўз номзодини “Фидокорлар” демократик партиясидан кўрсатиш таклиф этилган. У рози бўлган. Бироқ партия раҳбарияти бу округдан бошқа одамнинг номзоди кўрсатилишини тасдиқлаган. Шундан сўнг Фарғона политехника институти жамоаси уч юздан ортиқ ўқитувчи ва талабани йиғиб, қонунга тўла риоя қилган ҳолда ташаббус гуруҳи тузган. Бу гуруҳдан олиманинг номзоди кўрсатилган.

Г.Солижонованинг таъкидлашича, ташаббус гуруҳи тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, 43-Фарғона сайлов округига топширган. Аммо округ сайлов комиссияси ҳужжатлар топшириш муддати тугаганини билдириб, гуруҳни рўйхатга олишни рад этган.

Округ сайлов комиссияси аъзоси Абдуғаффор Шарофиддинов Г.Солижонова номзоди кўрсатилишига ҳеч ким тўсқинлик қилмаганини таъкидлади. Комиссия ҳужжатларда камчиликлар борлигини ўз вақтида билдирган.

Аммо Г.Солижонова бу эътирозларни рад этди.

“Ҳужжатлар топширилгач, ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш муддати тугашига икки кун қолганида округ сайлов комиссияси бизга қонун бўйича 9,5 минг сайловчининг имзосини тўплашни буюрди. Нега айнан икки кун (арафа ва ҳайит кунларига тўғри келган) қолганда бу гап айтилди? Бу ҳақда бизни олдинроқ огоҳлантиришса ҳам бўларди-ку”, деди Г.Солижонова.

Олиманинг билдиришича, у аввалги сайловда ҳам ўз номзодини қўймоқчи бўлганида ҳокимликнинг тўсиғига учраган. Ҳокимлик ташаббус гуруҳи тузишга имкон бермаган.
XS
SM
MD
LG