Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Сайловолди кампаниясининг биринчи босқичида билдирилган эътирозлар


Шайбон Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов бўйича эълон қилинган сайловолди кампаниясининг биринчи – депутатликка номзод кўрсатиш босқичи ниҳоясига етди.

Ушбу босқич эътирозлар, баҳсли мунозаралар, маълум маънодаги хулосаларга бой бўлди. Ўтган давр мобайнида билдирилган эътирозларни шартли равишда икки турга бўлиш мумкин. Биринчиси, маҳаллий кузатувчилар ва мухолифат вакиллари билдирган эътирозлар, иккинчиси, халқаро кузатувчилар ва йирик ташкилотлар томонидан билдирилган эътирозлар.

Сайловолди кампаниясининг биринчи босқичи ҳақида эътирозларни халқаро ташкилотлардан биринчи бўлиб “Ҳьюман райтс уотч” билдирди. Мазкур ташкилотнинг эътирофича, мухолифатдаги партиялар вакилларининг сайловда иштирок этишига рухсат этилмаган, мустақил ташаббус гуруҳларининг жойларда йиғилиш ўтказишига қаршилик кўрсатилган.

“Ҳьюман райтс уотч” Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан мана шу ҳолатларни эътиборга олиб, сайловга ўз кузатувчиларини юбормасликни сўради.

Мана шу баёнотдан сўнг кўп ўтмай Ўзбекистонга ЕХҲТ бош котибининг шахсий вакили Марти Ахтисаари ташриф буюрди. У мамлакатдаги сайловолди жараёни билан шахсан танишгач, ўз хулосаларини билдирди.

“Сайловда бешта сиёсий партия иштирок этиши айтиб ўтилди. Мени ажаблантиргани шуки, бу партияларнинг бирортаси мухолиф фикрларни кўтариб чиқишини эълон қилмаяпти. Мадомики аҳвол шундай экан, назаримда бўлажак сайлов ҳукуматни қўллаб-қувватлашга қаратилган ички тадбирга айланиб қолиши мумкин. Ўзбекистонда мухолифатдаги партиялар борлигидан хабарим бор. Лекин негадир бу партияларнинг бирортаси рўйхатга олинмади ва уларнинг сайловдаги иштироки таъминланмади”, деди М.Ахтисаари.

ЕХҲТ бўлажак сайлов хусусида М.Ахтисаарининг Ўзбекистонга ташрифидан олдин ҳам эътироз билдирганди. Хусусан, ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк сайловда ички холис кузатув таъминланиши кераклиги, бироқ мамлакатдаги бирорта нодавлат ташкилот бундай ваколатга эга эмаслигини таъкидлаганди.

Сайлов борасидаги ўз эътирозларини мухолифатдаги партиялар ва мустақил кузатувчилар ҳам билдирди. Дастлаб “Озод деҳқонлар” партияси ташаббус гуруҳларини тузиш давомида йўлиққан муаммолар боис сайлов нодемократик ўтади, деган хулосага келди ва мазкур сиёсий тадбирга бойкот эълон қилди.

Орадан кўп ўтмай дастлаб “Эрк” демократик партияси, кейинроқ эса мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бирлаштирган “Давра кенгаши” ҳам сайловга бойкот эълон қилди ҳамда бу қарор халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Мухолифатдаги партияларнинг сайловни бойкот қилиш тўғрисидаги қарорини маъқулламаганлар ҳам учради. Масалан, жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, бу қарор ўта хом. Унинг бирор натижа беришига ишониш қийин. Зеро, сайловчилар сайлов участкаларига бориб, барча номзодларга қарши эканини бюллетенда белгиласа, ўшандагина бойкотдан самара кутиш мумкин. Аммо улар сайловда қатнашмай, уйида ўтирса, бунинг таъсири бўлмайди.

Хуллас, мухолифатдаги кучлар сайловга нисбатан ўз қатъий позициясини билдирди ва ЕХҲТнинг бу қарорга муносабатини кута бошлади. Қарор эса ўзини узоқ куттирмади.

МСК матбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаев 16 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида ЕХҲТ сайловга ўз кузатувчиларини юборишга қарор қилганини маълум қилди.

“Хавотир олмасангиз ҳам бўлади, ЕХҲТ кузатувчи сифатида тахминан 12 кишини жўнатади. Бундан ташқари, МДҲ кенгаши раиси Владимир Рушайло бошчилигида кузатувчилар келади. Бошқа давлатлардан ҳам кузатувчилар келиши кутиляпти. 50 мингдан ортиқ маҳаллий кузатувчи ҳам сайловни кузатиб боради. Бу рақамлар якуний эмас. Бевосита сайлов кунига яқин кузатувчилар сони ошиши мумкин”, деди Ш.Қудратхўжаев.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг таъкидлашича, ЕХҲТ сайловга ўз кузатувчиларини юборишга қарор қилгани маълум маънода тўғридир. Бу сайлов натижалари хусусида тайёрланадиган ҳисобот учун муҳим ҳисобланади. Зеро, ЕХҲТ ҳисоботида сайловолди кампанияси ва сайлов жараёни таҳлил қилинади.
XS
SM
MD
LG