Линклар

logo-print

Ўзбекистон телевидениесида режиссура даражаси паст


Дилнаво 17 ноябрь куни Тошкентда мамлакат ёш олимларининг “Ўзбекистон санъати: глобаллашув ва миллий ўзига хослик” мавзуидаги иккинчи илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси Санъатшунослик илмий тадқиқот институти ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда ёш олимлар Ўзбекистон санъати олдида турган муаммолар, бўлаётган ўзгаришлар, ютуқ ва камчиликларни муҳокама қилди.

Санъатшунослик илмий тадқиқот институти аспиранти Шоҳида Эшонбобоеванинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги йилларда санъатда кўпгина ижобий ўзгаришлар юз берди. Лекин ташқи алоқалар кенгайиши ортидан Ўзбекистон санъатига ёт бўлган унсурлар ҳам кириб келди. Бунинг натижасида қайсидир маънода миллий қадриятлар емирила бошлади.

Ш.Эшонбобоеванинг билдиришича, анжуманда Ўзбекистон санъатининг глобализация жараёнига кириб келиши, бунда миллийликни йўқотмаган ва замонавий услублардан воз кечмаган ҳолда глобализацияни тўғри англаш мавзуси ўртага ташланган. Бироқ анжуман ўтказилгани билан унда кўтарилган масалалар ҳар доим ҳам ўз ечимини топавермайди.

Санъатшунослик фанлари номзоди Дилафрўз Қодированинг таъкидлашича, санъатнинг ҳар бир йўналишида ўзига хос муаммолар мавжуд бўлиб, уларни ҳал қилиш, аввало, ёшларнинг қўлида. Ҳозирги кунда саҳна нутқида шевачилик авж олган, тоза талаффуз йўқолиб бормоқда. Замонавий ўзбек эстрадасида ҳам муаммолар кўп. Буни қўшиқ танлашда, ижрочилик маҳоратида кўриш мумкин.

Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти магистратураси 2-курс талабаси Элеонора Болтабоеванинг айтишича, бугунги кунда ўзбек телевидениеси олдида турган асосий муаммо ўз томошабинини қайтаришдир. Ўтказилган сўровлар ва тадқиқотлар натижасида Тошкент аҳлининг жуда катта қисми Ўзбекистон телевидениесини томоша қилмаслиги маълум бўлган. Бунинг асосий сабаби телевидениеда режиссура даражаси ўта пастлигидадир. Кўнгилочар дастурлар сифатсиз экани бундан далолат беради. Қолаверса, телевидение кўрсатувларида цензуранинг таъсири сезилади.

Э.Болтабоеванинг эътирофича, анжуманда ёш олимлар томонидан кўтарилган муаммолар жойларда эътиборга олинмайди.
XS
SM
MD
LG