Линклар

Судланувчилар ватанга хиёнатда айбланмоқда


Фирдавс Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судида 11 шахс устидан суд жараёни бошланди. Уларга катта миқдорда пул маблағлари ва мулкни талон-тарож қилиш, ватанга хоинлик каби айблар қўйилган.

Хабарларга кўра, судланувчилар Қарши магистрал канали ишлари бошқармаси бошлиғи Хосият Хўжақулов ва унинг қўл остида ишлаган ходимлардир. Улар 2003 йил ноябрь ойида ҳибсга олинган.

Х.Хўжақулов Қарши магистрал канали ишлари бошқармасига бир неча йиллар давомида раҳбарлик қилган. Бошқарма Амударёдан сув оладиган 7 та насос станциясини эксплуатация қилиш ва Таллимаржон сув омборига йилига 5-6 миллиард куб метр сув жамланишини таъминлаш билан шуғулланади.

Қарши магистрал канали ишлари бошқармасининг ҳозирги бошлиғи Рустам Очиловнинг таъкидлашича, насос стацияларининг асосий ускуналарини фақат шу ердагина ишлатиш мумкин. Улардан бошқа жойда фойдаланиб бўлмайди. Бу ускуналар ҳисобдан чиқарилгандан кейин ҳам бошқармада кўп муддат сақланади.

Х.Хўжақуловнинг адвокати Малика Қосимова сўзларига қараганда, судланувчиларга Жиноят кодекси 167-моддасининг (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) баъзи қисмлари, шунингдек, ватанга хоинлик қилиш бўйича айблар қўйилган.

Норасмий манбаларга кўра, ватанга хоинлик деганда судланувчиларнинг Туркманистон фойдасига жосуслик қилгани назарда тутилмоқда. Талон-тарож дейилганда эса насос станцияларига ажратилган маблағни ўзлаштириш кўзда тутилган. Бу насос станцияларини таъмирлаш ва улардан фойдаланиш учун ҳар йили жуда катта миқдорда маблағ ажратилади.

Маълум бўлишича, насос станцияларининг 6 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган. У ерда ишлайдиганларнинг аксарияти Туркманистон фуқароларидир. Лекин Туркманистон томони ўз фуқароларидан бирортасини жавобгарликка тортмаган.
XS
SM
MD
LG