Линклар

logo-print

Пахта ёшларга чекишни ўргатади


Феруза Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 30 минг киши кашандалик оқибатида келиб чиқадиган турли касалликлардан вафот этади. Мамлакатда аёллар ва ёшлар ўртасида чекувчилар тобора кўпайиб бормоқда.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган кашандаларнинг кўпчилиги ўрганиб қолгани, баъзилари эса сиқилгани учун чекишини билдирди.

Маълум бўлишича, ёшларнинг кўпчилиги пахта теримига олиб чиқилган пайтда чекишни ўрганар экан. Улар чекишнинг соғлиққа зарарлигини, ортиқча харажат эканини билади. Бироқ шундай вазиятлар бўладики, ундан чиқиб кетишнинг энг қулай йўли сифатида чекиш танланади. Баъзилар эса кашандаларга тақлид қилиб чекишни бошлаб юборган.

Яқинда Ўзбекистонда ҳам тамаки чекишга қарши курашувчи коалиция ташкил этилган эди. Турли тиббий муассалар, илмий тадқиқот институтлари, жамоатчилик ташкилотлари ва ҳукумат идоралари мазкур коалиция аъзоси ҳисобланади.

“Муносиб ҳаёт учун” нодавлат соғломлаштириш маркази ҳам шу коалиция аъзоси. Марказ раҳбари Раъно Хўжаеванинг фикрича, бугунги кунда чекиш кенг кўламли ижтимоий-сиёсий муаммога айланиб қолган.

“Ҳозирги даврда чекиш шахс муаммоси эмас, жамият томонидан кўплаб механизмлар воситасида ҳал қилиниши лозим бўлган сиёсий муаммога айланди. МДҲ мамлакатларида жамотчилик ташкилотлари чекишга қарши курашиш мақсадида алъянсларга, коалицияларга бирлашган. Биз ҳам ўз фаолиятимиз давомида ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиб, бу иллатга қарши имкон қадар курашамиз, тарғибот-ташвиқотлар олиб борамиз. Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланган. Бироқ сигарет сотувчиларни ҳамма жойда, ҳатто мактаб, боғча, институтлар ёнида ҳам учратасиз. Тамаки маҳсулотларини сотишга чек қўйиб бўлмас экан, демак уни сотиб олишга барҳам бериш керак, чекувчилар сонини камайтириш эса жуда кўп омилларга боғлиқ”, деди Р.Хўжаева.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси вакиласи Холида Абдуллаеванинг таъкидлашича, оилада катталарнинг чекишини кўриб ўсаётган болаларнинг келажакда кашандага айланиши эҳтимоли жуда юқори. Шунинг учун чекишга қарши курашни, аввало, оиладан бошлаш керак.
XS
SM
MD
LG