Линклар

logo-print

ОИТСни юқтирганларнинг 20 фоизи фоҳишалар


Саида Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг бошига келиб Ўзбекистонда ОИТСга чалинган беморлар сони 3596 нафарга, мазкур касалликдан вафот этганлар эса 182 нафарга етган. ОИТСни юқтирганларнинг 20 фоизини фоҳишалар ташкил этади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу касалликни юқтирганлар, лекин қайд этилмаганлар сони расмий статистикадан кўра бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

Норасмий манбаларнинг маълум қилишича, биргина Тошкент шаҳрида 6 та гавжум жинсий тижорат маркази мавжуд. Уларда 6 мингдан ортиқ фоҳиша фаолият кўрсатади. Уларнинг 40 фоизини тошкентликлар, 60 фоизини эса вилоятлардан келганлар ташкил этади.

Ўзини таништиришни истамаган қаҳрамонимиз 30 ёшда бўлиб, анча вақтдан буён фоҳишалик билан шуғулланиб келади. У ОИТСга чалинганини икки йил муқаддам билган.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, турмуш ўртоғи вафот этгач, ўғли ва ўзини боқиш учун фоҳишалик билан шуғуллана бошлаган. Касалликни кимдан ва қачон юқтирганини аниқ билмайди.

“Баъзи мижозлар бўладики, ҳимоя воситасидан фойдаланишни хоҳламайди. Биз уларнинг барча талабларини қондиришга мажбурмиз. Қолаверса, аёл ёллашга келадиган кишиларнинг аксарияти ширакайф бўлади. Уларга бирор гапни уқтириш жуда қийин. Ўйлайманки, касалликни ўшандайларнинг бирортасидан юқтирган бўлишим мумкин. Бунга ўзимдан бошқани айлай олмайман. Менда ОИТС борлигини анча вақтгача билганим йўқ. Чунки ҳеч қаерим оғримаган. Касалликка чалинганимни билганимдан, оиламдагиларнинг менга қилган муносабатидан сўнг ўзимни ҳеч кимга керак бўлмай қолгандек сездим. Бора-бора 10 ёшли ўғлим, мен билан бир дастурхонда ўтириб, овқат ейишни истамаган ота-онам ҳам бу ҳолга кўникди. Бироқ ўлишингни билиб яшашдан ортиқ азоб йўқ экан”, деди қаҳрамонимиз.

Унинг сўзларига қараганда, ўзининг ҳаётини чўзиш учун турли дориларни ичишга мажбур бўлмоқда. Умрни бир йилга чўзиш учун қанча маблағ кетишини эса тасаввур қилиш қийин.

“Ҳозир иммунитетни оширадиган витаминлар ичиб турибман. Тўғриси, дори ичишдан қўрқаман. Чунки бундай дориларни ичишни бошлаган киши умрининг сўнггигача қабул қилиши керак. Бироқ менда бундай дориларни сотиб олишга пул йўқ”, деди у.

Қаҳрамонимиз ОИТСга чалинган 100 нафар эркак ва аёлни билишини таъкидлади. Улар биргаликда психологлар томонидан ўтказилаётган тренингларда иштирок этади. Илгари бундай тренингларда кўпроқ аёллар иштирок этар эди. Ҳозир аёллар сони ҳам кўпайиб қолди. Улар орасида маҳаллий миллат аёллари, айниқса, ёшлар ҳам учрайди.

Ўзини Гуля деб таништирган 24 ёшли жувон Тошкентдаги жинсий тижорат марказларидан бирида танфурушлик билан шуғулланади. У ҳам турмушидан ажралганидан сўнг шу йўлга кирган.

Гулянинг сўзларига қараганда, фоҳишаларнинг кўпчилиги ОИТС ва ВИЧ қанчалик хавфли эканидан хабардор. Улар ҳимоя воситаларини ишлатмаган тақдирда ҳам мижозларда мазкур касаллик бор-йўқлигини сезади.

БМТнинг ВИЧ /ОИТСга қарши кураш дастури ҳисоботларида таъкидланишича, Марказий Осиё мамлакатлари ВИЧ инфекцияси тарқалиши жиҳатдан дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Айни пайтда минтақада бу касалликни юқтирганлар сони нисбатан кам бўлишига қарамай, унинг тарқалаши олди олинмаса, 2005 йилга бориб Марказий Осиёда ВИЧ/ОИТСга чалинганлар 1,65 миллион нафарга етиши мумкин.
XS
SM
MD
LG