Линклар

logo-print

Ўғирланган асарлар намойишга қўйилади


Ҳакимбек Бундан уч йил муқаддам Ўзбекистон давлат санъат музейидан ўғирлаб кетилиб, тез орада топилган санъат асарлари бир ярим йил давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг кейинги ҳафтадан музейнинг кўргазма залида намойишга қўйилади.

Санъат музейидаги ўғирлик 2001 йилнинг 9 октябрь оқшомида содир бўлганди. Ўғри 19-асрда яшаб ижод этган машҳур рус рассомлари Карл Брюлловнинг “Турк аёли”, Василий Трапенинннинг “Княгиня Оболенский портрети”, Айвазовскийнинг “Саҳрода кун ботиши”, Иван Крамскийнинг “Қизил дуррачали қиз портрети” ва Василий Суриковнинг "Ўқчилар қатл этилган тонг" асарига чизилган этюдни ўлжа қилганди. Экспертлар бу беш картинанинг умумий баҳоси 8,5 миллион АҚШ долларига тенг эканини айтганди.

Музей бош муҳофизи Мирфайзи Усмоновнинг сўзларига қараганда, ўғри ёлғиз бўлган. У уч ой ичида қўлга олинган. Ўзбекистон фуқароси бўлган ўғри асарларни хорижда пуллашни ният қилган. Санъат асарлари тезда музейга қайтарилган бўлса-да, уларга жиддий шикаст етказилгани боис узоқ муддат давомида таъмирлашга тўғри келган. Бу ишга Маданият ишлари вазирлиги катта маблағ ажратган.

Санъатшунос Дилзода Алимқулованинг таъкидлашича, 18-аср охири 19-аср бошида рус тасвирий санъатида катта бурилиш юз берган. Петербург Бадиий академиясидан ажралиб чиққан 14 рассом академик рассомчиликдан воз кечиб, эркин, халққа яқин ижод тарафдори бўлган. Картиналари санъат музейидан ўғирланган рассомлар мана шу оқимга алоқадор ёки унинг таъсиридаги ижодкорлардир.
XS
SM
MD
LG