Линклар

Пэр Нурмаркнинг хавотири ўринли чиқди

  • Садриддин Ашур

“Озодлик” мухбири Ўзбекистонда сайлов кампаниясининг биринчи бочқичида сайлов тўғрисидаги қонунчиликка қанчалик риоя қилингани юзасидан ташаббус гуруҳлари вакиллари ва Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг фикрини ўрганди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк парламент сайлови муносабати билан ўтказилган барча халқаро анжуманларда сайлов тўғрисидаги қонунчилик тўла такомиллаштирилмаганини таъкидлаб келди. У, айниқса, қонунчиликнинг ташаббус гуруҳларига оид қисмларига жиддий эътироз билдирганди.

“Айнан ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш жараёни анча мураккаблигини эътироф этамиз. Бу жараёнда оддий хатоларга йўл қўйиш оқибатида ҳам номзодлар сайловда иштирок эта олмай қолиши мумкин”, деган эди П.Нурмарк.

Кузатувчиларнинг эътирофича, Пэр Нурмаркнинг хавотирлари ташаббус гуруҳларини рўйхатга олиш жараёнида ўз исботини топди. Масалан, ўз номзодларини ўтказиш учун 20 дан ортиқ ташаббус гуруҳи тузган “Бирлик халқ ҳаракати” партияси ниятига ета олмади. Бу гуруҳларнинг фақат биттаси рўйхатга олинди, холос. Мухолифатда бўлган “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари сайловга бойкот эълон қилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, демократик кучлар сайловни қонунларга риоя этилмаётгани учун бойкот қилган.

Ўзбекистон демократик кучлар форуми раиси Исмоил Дадажоновнинг таъкидлашича, сайловолди жараёнларида, энг аввало, Бош қонун – Конституция меъёрлари бузилди. Конституциянинг 32-моддасида белгиланган сиёсий ҳуқуқлар мухолифатдаги сиёсий партиялар рўйхатга олинмаган пайтдаёқ бузилган эди. Қолаверса, сайловолди кампаниясида сайлов тўғрисидаги қонуннинг бир неча моддаларига риоя этилмаган. Масалан, ташаббус гуруҳларининг ҳужжатлари қабул қилинмагани бунинг исботидир. Баъзи ташаббус гуруҳлари аъзоларига маъмурий тазйиқлар ўтказилган.

И.Дадажоновнинг айтишича, Қўқондаги сайлов комиссияси раиси Соҳиб Мавлонов маҳаллий телевидение орқали чиқишида бу сайлов округида ташаббус гуруҳи тузилмаганидан афсус билдирган. Бу қип-қизил кўзбўямачиликдир. Ҳолбуки, мазкур сайлов округида тузилган мустақил ташаббус гуруҳи атайин рўйхатга олинмаган. Комиссия раиси ташаббус гуруҳи аъзоларига эфир берилмаслигини билган ҳолда жамоатчиликни чалғитишга уринган. С.Мавлоновнинг бу хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддасига (мансабдор шахснинг ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) мос келади.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси Комил Одилов билдиришича, сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши ҳақида ҳозирча МСКга жиддий маълумотлар келиб тушмаган. Мавжуд шикоят ва аризалар округ сайлов комиссияларининг қарорлари МСКга тўлиқ тақдим этилгандан сўнг кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG