Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:09

Ўта ноёб тўплам электронлаштирилди


Дилнаво Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланаётган “Туркистон тўплами” китобининг электрон версияси яратилди. Ҳозирча бу версиядан кутубхонанинг ўзидагина фойдаланиш мумкин.

Альбом шаклидаги “Туркистон тўплами” китобида Европа ва Россияда Туркистон ўлкаси ҳақида 18-асрнинг 30-йилларидан бошлаб 20-асрнинг октябрь тўнтаришига қадар ёзилган мақолалар жамланган. Улар асл нусхадан қирқиб олиниб, китобга ёпиштириб борилган.

Кутубхонанинг автоматлаштириш ва ахборот технологиялари бўлими бошлиғи Нурали Мардиевнинг сўзларига қараганда, тўпламни яратишга 18-асрнинг 80-йилларида киришилган. Тўпламнинг 416 томи Санкт-Петербургда йиғилган. Кейинчалик бу иш тўхтаб қолган. Россия ҳукумати бу ишга яна маблағ ажратгач, 1908-1917 йилларда мақолалар жамлаш давом эттирилган. Орадан анча вақт ўтгач, библиограф олим Беткер тўпламдаги мақолалар ҳақидаги кўрсаткичларни тўртта китобда алифбо тартибида қайтадан жамлаб чиққан.

Н.Мардиевнинг айтишича, китобдан Туркистон ўлкасида ўша даврда юз берган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ноёб мақолаларни топиш мумкин. Бундан ташқари, тўпламдан ўлканинг географик жойлашуви, халқи, қазилма бойликлари, маърифий шаклланиши ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. Тўплам 591 китобдан, 200 минг саҳифадан иборат бўлиб, унда 3 мингдан ортиқ мақола мавжуд. Бу каби ноёб тўплам дунёнинг бошқа кутубхоналарида йўқ.

Н.Мардиевнинг таъкидлашича, тўпламнинг электрон варианти “Компьютер Осиё” илмий маркази кўмагида яратилган. Унинг электрон вариантидан бевосита Миллий кутубхонага келиб фойдаланишга тўғри келади. Яъни уни ҳозирча Интернетдан топиш мумкин эмас. Бунинг сабабларидан бири шуки, электрон вариантнинг ҳажми (54 Гегабайт) ҳаддан ташқари катта. Қолаверса, тўпламнинг тарихий қиймати ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олиниб, ҳозирча Интернетга қўйишга шошилинмаяпти.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонлик мутахассислар “Туркистон тўплами”нинг электрон версиясига қизиқиш билдиряпти. Шунингдек, бошқа давлатларда ҳам унга қизиқиш катта.
XS
SM
MD
LG