Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:18

Дархонда ҳамма ёқ тинч


Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистонда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилишига бир ойдан сал кўпроқ вақт қолганига қарамай аҳолининг бу жараёнга қизиқишини ортмаётир.

21 ноябргача Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган қуйи палата ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар рўйхатини ўрганиб чиқиб, уни матбуотда эълон қилиши керак. Шу боис, мазкур ҳафтада МСКда иш қизғин бўлади, округ сайлов комиссиялари эса бир муддат нафас ростлаб олишга имкон топади.

“Озодлик” мухбири Тошкентдаги 2-Дархон сайлов округи жойлашган бинога борганида эшик ичкаридан илгакланган эди. Эшик тақиллатилгандан сўнг қоровул чиқиб, муддаони сўради ва кейин ичкарига таклиф қилди. Қоровул хавфсизлик чораси сифатида эшик беркитиб қўйилаётганини билдирди.

Округ сайлов комиссиясида комиссия котиби Эркин Умарохуновдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бир соат давомида ҳам бу ерга ҳеч ким келмади.

Э.Умарохуновнинг айтишича, округда сайловга тайёргарлик давом этяпти. Сайлов участкаларида мавжуд камчиликларни тўғрилашга ҳаракат қилиняпти.

Олий Мажлиснинг амалдаги раиси Эркин Халилов ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали айнан 2-Дархон сайлов округидан кўрсатган. “Озодлик” мухбири округ ҳудудида яшовчи кўплаб фуқаролар билан суҳбатлашди. Лекин уларнинг аксарияти Э.Халилов номзоди айнан шу округдан кўрсатилганидан бехабар эканини айтди.

Ҳақиқатан ҳам, кўчаларни кезсангиз Ўзбекистонда бир ойдан сўнг сайлов бўлиб ўтади, деб ўйламайсиз. Телевидение, радио ва газеталарни айтмаганда, кўчаларда фаолликдан асар ҳам йўқ.

Ўзини Сергей деб таништирган йигитнинг билришича, у кўчаларда сайлов ёки номзодлар ҳақидаги плакатлар, маълумотлар илинганига дуч келгани йўқ.

Э.Умарохуновнинг таъкидлашича, сўнгги ҳафтада фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги бир қадар ошгани кузатиляпти. Одамлар сайлов комиссиясига қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган маълумотларга жавоб олишга ҳаракат қиляпти. МСК эса сайловга оид плакатлар ва бошқа кўргазмали жиҳозларни округ сайлов комиссияларига етказиб берди ва эрта-индин улар шаҳар кўчаларига илиб чиқилади.
XS
SM
MD
LG