Линклар

logo-print

Бутун Ўзбекистонни газ билан таъминловчи вилоятда газ тақчиллиги


Фирдавс Хабарларга қараганда, Ўзбекистоннинг табиий газга бўлган асосий эҳтиёжини қондирадиган Қашқадарё вилоятида жорий йилда газ тақчиллиги юз бериши тобора ойдинлашиб бормоқда.

Бешкент шаҳрида яшовчи отахонлар “Озодлик” мухбири билан суҳбатда газ тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун мутасадди ташкилотларнинг эшикларини санаб юрганидан гапирди.

“2 октябрдан буён хонадонларда газ йўқ. Рўзани бир амаллаб ўтказдик. Чой қўйсак, бир соатда ҳам қайнамайди. Шунинг учун тумандаги газ таъминоти идораси бошлиғи олдига келган эдик. У аҳволни ўрганиб чиқишини, муаммони ҳал қилишини айтди”, - деди отахонлар.

Қарши шаҳри яқинида жойлашган Хонабод қишлоғилик отахон бу ерда ҳам бир неча йиллардан буён табиий газ йўқлигини маълум қилди. Унинг айтишича, кишилар ўчоқларда овқат қилмоқда.

Мамлакат эҳтиёжи учун ишлатиладиган табиий газнинг 97 фоизини Қашқадарё етказиб беради. Бу ерда қазиб олинган газнинг катта қисми хорижга ҳам экспорт қилинади. Лекин қашқадарёликларнинг ўзлари газга ёлчимаётир.

Вилоят газ таъминоти идораси вакиллари газ тақчиллигига одамларнинг ўзлари айбдорлигини таъкидламоқда.

“Қашқадарё газ таъминот” шўъба корхонаси бўлим бошлиғи Музаффар Боймировнинг сўзларига қараганда, аҳоли газдан фойдаланганлик учун ўз вақтида ҳақ тўламаяпти. Вилоят бўйича аҳолининг газдан фойдаланишдан қарзи 3 миллиард 395 миллион 228 минг сўмни ташкил этади. Агар аҳоли мана шу қарзларни узганида бугунги кунда газ танқислиги муаммоси умуман бўлмас эди. Вилоят бўйича энг катта қарздорлик Қарши шаҳри ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари ҳиссасига тўғри келади. Шунинг учун бу ҳудудда газ босими анча паст.

М. Боймировнинг билдиришича, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларини газ билан таъминлаш аҳволи янада оғир. Чунки 125 километр масофага газ етказиш учун катта босим зарур. Сирдарёга газ етказиб бериладиган магистрал қувурдан мана шу учта туман учун газ олишга “Ўзтрансгаз” компанияси анча йиллардан буён рухсат бермай келаётир.

Маълум бўлишича, аҳоли қарздорлигининг катталиги туфайли “Ўзтрансгаз” компанияси вилоят учун ажратиладиган бир кунлик лимитни ўтган йилдагига нисбатан икки баробар камайтирган. Ўтган йили вилоятга бир кунда 3 миллион 284 минг куб метр газ ажратилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 1 миллион 287 минг куб метрга туширилган.

Вилоят аҳли коммунал тўловлар, хусусан, табиий газ учун белгиланган нарх жуда қимматлиги, ҳозирги шароитда тўловларни ўз вақтида амалга ошириш имконияти йўқлигини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG