Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

Ўзбек ёшларининг хорижда таълим олишга қизиқиши катта


Озодбек Тошкентда 2-халқаро таълим ярмаркаси бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ва талабалар ярмаркада чет элда ўқиш имкониятини берувчи таълим дастурлари билан танишди.

Мазкур ярмарка АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилди. Унда иштирокчиларга халқаро алмашинув дастурлари ҳақида маълумотлар берилди.

АҚШ элчиси ўринбосари Дэвид Эпплтоннинг сўзларига қараганда, ҳар йили 15-19 ноябрда бутун дунёда халқаро таълим ҳафталиги ўтказилади. Тошкентдаги ярмарка ҳам мана шу кенг қамровли тадбирнинг бир бўлагидир. Бу ярмарка ўзбек ёшларига хорижда таълим олиш имкониятларини очади.

Ярмаркада юзлаб ўзбек ёшларини учратиш мумкин бўлди. Бу эса мамлакатда хорижда ўқишга қизиқиш жуда катталигидан дарак беради.

“Ярмарка иштирокчилари орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, магистрларни учратиш мумкин. Улар орасида ҳатто чет элда ишлаш истагида бўлганлар ҳам бор”, деди Хайрулла исмли талаба.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимаси Ҳезер Грант хонимнинг айтишича, халқаро таълим ҳафталиги жаҳон бўйлаб беш йилдан буён ўтказиб келинади. Бу тадбирдан мақсад таълим олишни истаган ёшларга хорижда ҳам ажойиб имкониятлар борлигини кўрсатиш, уларга имконият яратиб беришдир.

Ярмаркада АҚШ, Германия, Франция, Япония, Малайзия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Исроил ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихоналари маданият ва таълим бошқармалари ўзларининг дастурлари билан иштирок этди. Айрекс, Акселс, Фулбрайт уюшмаси, Таълим секторини ривожлантириш лойиҳаси, Тошкентдаги Халқаро вестминстер университети, “Келажак илми” таълим дастури каби халқаро таълим муассасалари ўзларининг халқаро алмашинув дастурлари тақдимотини ўтказди.

Халқаро таълим ҳафталиги муносабати билан Андижон, Фарғона, Термиз, Наманган, Тошкент, Жиззих, Қарши, Урганч, Самарқанд ва Навоий шаҳарларида халқаро таълим масалалари ва имкониятларига бағишланган 20 дан ортиқ тадбир ўтказилди.
XS
SM
MD
LG