Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:17

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги муаммолар асоси - сув


Фирдавс Марказий Осиёдаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарадиган иншоотлардан бири, қурилиши бошланганига чорак аср бўлган Таллимаржон ГРЭСининг кейинги фаолияти кўп жиҳатдан Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига боғлиқ.

Ўзбек-туркман муносабатларининг ёмонлашуви, биринчи навбатда, Ўзбекистон учун анча таҳдидли бўлган сув муаммосини келтириб чиқариши кўпчилик томонидан эътироф этилади. Туркманистон Президенти Сапармурод Ниёзов ҳам миллий телевидениедаги чиқишида минтақадаги асосий муаммолардан бири сув билан боғлиқлигини тан олганди.

Фаолияти икки давлат ўртасидаги чегара билан боғлиқ энг йирик иншоотлардан бири Таллимаржон ГРЭСидир. 1978 йилда қурилиши бошланган мазкур объект жорий йил охирларида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Расмийларнинг эътирофича, ГРЭС ишга тушиши билан Ўзбекистон электр энергияси мустақиллигига эришади ва ортиқча энергияни экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. ГРЭС турбиналари Таллимаржон сув омборидан келадиган сув ҳисобига ишлайди.

Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрича, сув муаммосининг кескинлиги мазкур ГРЭС билан боғлиқ умидларни чиппакка чиқариши мумкин. Туркманистонда қурилиши давом этаётган Қорақум кўли 150 миллиард куб метр сув сиғимига эга бўлади. Қурилиш 2009 йилда якунланиши режалаштирилган. Амударё сувининг мана шу кўл томон бурилиши Ўзбекистон учун яна талай муаммолар келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Ўзбекистон томони ўзининг Туркманистон ҳудудидаги 6 та насос станциясини ишлатиш ва қўриқлаш масаласида кўпгина тўсиқларга дуч келган эди. Насос станцияларини хизмат кўрсатадиган ўзбекистонлик ишчиларнинг ўтиб-қайтиши қийинлашгани, станцияларни қўриқлайдиган юзга яқин милиция ходимининг Туркманистон ҳудудида бир ойдан ортиқ қолиб кетгани, Муборак газ конлари атрофидаги низолар ҳақида кўп гапирилди.

Маълум бўлишича, Туркманистон ҳудудида қолиб кетган милиция ходимлари ҳозир ўз юртига қайтарилган.

Ўзини таништиришни истамаган милиционерлардан бирининг билдиришича, Ўзбекистонга олиб чиқилган милиция ходимлари айни пайтда ишсиз қолган. Уларга иш топиб бериш чоралари кўриляпти. Насос станцияларини қўриқлаш учун эса кўнгилли дружиначилар отряди тузилган.

Қарши магистрал канали мутасаддиларининг бирининг айтишича, ҳозир Туркманистон дружиначиларни ҳам ўз ҳудудида ўтказмай қўйган.
XS
SM
MD
LG