Линклар

logo-print

Аҳвол ўтган йилгидан ҳам ёмон бўладиганга ўхшайди


Меҳрабон Хоразмда ўтган йили кузатилган табиий газ тақчиллиги бу йил ҳам давом этадиган кўринади. Ҳали қишнинг қаҳратон кунлари бошланмаган бўлса-да, ҳозирданоқ вилоят туманлари аҳли газ босими пастлигидан шикоят қилмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда газ билан таъминланиш даражаси 97 фоизни ташкил этади.

Гарчи расмий кўрсаткичлар анча юқори бўлса-да, ўтган йили Хонқа, Қўшкўпир, Хива туманлари аҳли қиш мавсумида газ етишмоқчилигидан қаттиқ азият чекди. Жорий йилнинг ёз мавсумида ҳам айрим туманларда газ босими анча паст бўлди. Ҳаво совуши билан эса газ босими кескин пасайиши кузатиляпти.

Хонқа туманидаги Олажа қишлоғи аҳлининг сўзларига қараганда, бу ердаги ширкат хўжалигининг 5 ва 6-бўлимларидаги тўрт юздан ортиқ хонадон тўрт йилдан буён газ муаммосидан қийналади. Аҳолининг бу борада тегишли идораларга қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдириляпти.

Қўшкўпир туманидаги Ших қишлоғи аҳли газ тақчиллиги аҳоли саломатлигига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини билдирди. Уларнинг айтишича, сўнгги икки йил давомида қишлоқ фуқаролари, айниқса, ёш болалар орасида турли хил касалликлар кўпайган. Уйлар совуқ бўлгани учун болалар грипп, нафас йўллари шамоллашига чалинмоқда. Юқумли касалликлар ҳам кўп учрайди.

Хива туманидаги Ал-Хоразмий номидаги ширкат хўжалиги аҳлининг таъкидлашича, одамлар уйларини истиш учун тут дарахтлари, ҳатто мевали дарахтларни ҳам кесиб, ўтин қилмоқда. Қишлоқда дарахтлар ёппасига кесиляпти.

Фуқаролар газ муаммолари юзасидан мутасадди ташкилотларга қилган мурожаатларига қарамай, муаммо ўз ечимини топмаётганини маълум қилди.

Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси раҳбари Муяссар Жалолованинг таъкидлашича, газ етказиб беришда узилишлар бўлиши аҳолининг истеъмолчилик ҳуқуқи паймол қилинишидир.

“Кейинги 3-4 йил ичида истеъмолчилардан жуда кўп шикоятлар тушяпти. Буни ваколатимиз доирасида ўрганиб, тегишли давлат органларига мурожаат қиляпмиз. Лекин аҳвол ўзгараётгани йўқ”, - деди М. Жалолова.
XS
SM
MD
LG