Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:22

Янги транспорт йўлаги яратиш йўлидаги музокаралар


Тўлқин 21 ноябрь куни Теҳронда Эрон, Афғонистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакилларининг темир йўл ва ҳаво йўли транспортини ривожлантиришга қаратилган уч томонлама музокаралари бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, томонлар Марказий Осиё минтақасини Афғонистон ва Эрон орқали Форс кўрфази билан боғлайдиган шимолий ва жанубий автомобиль ҳамда темир йўл йўлагини биргаликда қуриш масаласини муҳокама этган.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси вакилининг “Озодлик” мухбирига билдиришича, 2003 йилда Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон давлат раҳбарлари Марказий Осиёни Форс кўрфази билан боғлайдиган шимолий-жанубий йўлак яратиш тўғрисидаги шартномани имзолаган. 21 ноябрь куни эса Теҳронда мазкур мамлакатлар вакиллари ва мутахассислари шартнома асосида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ажратиладиган маблағлар масаласида музокара ўтказган. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишга бош-қош бўладиган давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгашнинг низоми кўриб чиқилган.

ИРНА ахборот агентлиги тарқатган хабарга қараганда, Тошкентдан бошланадиган мазкур транспорт йўлаги Афғонистоннинг Мазори шариф ва Ҳирот шаҳарларидан ўтиб, Эрон жанубидаги Бандар Аббос портига қадар давом этади. Теҳрондаги музокарада қатнашган Афғонистон ижтимоий муҳофаза вазири Муҳаммад Вали Расулий бу йўлак Марказий Осиёдан юкларни Афғонистон ва Эрон орқали денгизга олиб чиқадиган энг қисқа ва иқтисодий жиҳатдан тежамли йўл эканини таъкидлаган.

Эрон йўл ва транспорт вазирлиги вакили Аҳмад Содиқ Банобнинг ИРНА мухбирига маълум қилишича, транспорт йўлаги қурилишида уччала давлат ҳам иштирок этади. Эрон мазкур лойиҳага 2 миллиард доллар миқдорида сармоя жалб этиш ва Эрон-Афғонистон чегарасидаги Милак кўпригини қайта тиклашда қатнашиш истагини билдирган.

ИРНА хабарида таъкидланишича, ўтган якшанба куни Эрон темир йўл ва транспорт ишлари давлат ташкилоти раиси ўринбосари Нуриддин Алиободий ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси раиси ўринбосари Фазлиддин Саъдуллаев ўзаро ҳамкорликнинг молиявий жиҳатларини муҳокама қилган. Н.Алиободийнинг айтишича, ҳозир Эроннинг Ўзбекистон темир йўл транспортидан фойдаланиши бироз қимматга тушмоқда. Яъни Ўзбекистоннинг битта вагонидан фойдаланиш учун кунига 25 доллар тўлаш керак. Нархларнинг пасайтирилиши Эрон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт қатнови ҳажмини икки баробар ошириши мумкин.
XS
SM
MD
LG