Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:05

Тошкентда ўзини портлатганлар - Қозоғистон фуқаролари


22 ноябрь куни жорий йилнинг 30 июлида Ўзбекистон Бош прокуратураси фойесида, Исроил ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихоналари олдида ўзини портлатиб юборган кимсаларнинг шахси ошкор қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда амалга оширган тезкор тергов тадбирлари натижасида камикадзеларнинг шахси аниқланган. Уларнинг шахси ДНК асосида ўтказилган суд биологик экспертаси хулосалари билан ҳам тасдиқланган.

С.Ортиқова камикадзелар Қозоғистон фуқароси бўлганини маълум қилди.

Бош прокуратура фойесида Қозоғистоннинг Тароз шаҳрида 1966 йилда туғилган Авазхон Шоюсупов, АҚШ элчихонаси олдида Семипалатинск шаҳрида 1972 йилда туғилган Дўлат Искаков, Исроил элчихонаси олдида Тарозда 1976 йилда туғилган Мавлон Валиев ўзини портлатиб юборган.

Навбатдаги айбланувчиларга ҳукм ўқилди

22 ноябрь куни Тошкент шаҳри Акмал Икромов тумани жиноят ишлари судида баҳорда юз берган портлашларга, шунингдек, “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланган 13 киши устидан ҳукм ўқилди.

Судланувчиларнинг барчаси айбдор деб топилди ва уларга 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланди.

Энг катта жазо судланувчи Мирзатилла Мирзакаримовга берилди. У 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Судланувчилар Насрулло Нуранов ва Хайрулла Жўрабеков 6 йилга, Абдураҳмон Мараимов, Улуғбек Пирназаров, Беҳзод Мирзабоев, Расул Қўшимов, Шокир Қодиров, Абдурауф Абдумўминов ҳамда Шокир Шойўлдошев 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Неъматжон Қудратов ва Баҳодир Мирзоҳидов эса 3 йиллик шартли жазога тортилди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, тергов чоғида судланувчиларга Жиноят кодексининг 16 моддаси бўйича айб қўйилган. Судда эса бу моддалардан бештаси асоссиз топилиб, олиб ташланган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, тергов чоғида айбланувчиларнинг умуман адвокатлари иштирок этмаган. Суд давомида ҳам уларга қўйилган айблар ўз исботини топмаган.

Суд жараёнини “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хоним ҳам кузатиб борди.

“Судланганлар тергов давомида ўзларига қийноқлар қўлланилганини билдирди. Масалан, Беҳзод Мирзабоевнинг судда айтишича, Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасида унинг бошига тўппонча тираб, агар кўрсатмага имзо чекмаса, отиб ташланиши ҳақида пўписа қилинган. Бошқа судланувчилар ҳам ўзларига қўпол муомалада бўлингани ва қийноқлар қўлланилганини маълум қилди. Лекин муаммо шундаки, улар бу ҳақда судда очиқ гапирган бўлса-да, судья бу ҳолатларни эътиборга олмади. Ваҳоланки, бундан даъволарга эътибор қаратиш лозимлиги Жиноят кодексининг 235-моддасида белгилаб қўйилган”, деди А.Гилл.
XS
SM
MD
LG