Линклар

Ўзбек тилидаги ахборот ресурслари кам


Дилнаво Ҳозир Ўзбекистонда мавжуд кутубхоналарнинг анчагина қисми Интернет тизимига уланган. Олий ўқув юртларидаги 42 та кутубхонанинг 3-4 таси Интернетга вақтинчалик уланмаган.

Бу ҳақда Ўзбекистон кутубхоналари уюшмаси молиявий директори Жума Эргашев маълум қилди.

Унинг айтишича, кутубхоналарни тегишли электрон дастурлар билан таъминлашда баъзи муаммоларга дуч келинмоқда. Масалан, Россиядан олиб келинадиган “Ирвес” дастури анча қимматлиги боис, уни харид қилиш осон эмас. Вилоятлар марказларидаги кутубхоналар электрон дастурлар билан тўлиқ таъминланган. Лекин туман миқёсидаги кутубхоналарни компьютерлар ва дастурлар билан таъминлаш муаммо бўлиб турибди.

Ж.Эргашевнинг таъкидлашича, кутубхоналарда янги технологияларни жорий этишда кадрлар танқислигига дуч келинмоқда. Бу муаммони ечиш мақсадида кутубхоначилар махсус ташкил этилган ўқув марказларида ўқитиляпти.

Абдулла Қодирий номидаги Маданият институти ахборот фаолияти бошқаруви факультети информатика кафедраси доценти Улуғбек Каримовнинг сўзларига қараганда, Интернет тармоғига уланган кутубхоналарда жой танқислиги боис, китобхонга Интернетдан фойдаланиш учун ярим соатдан бир соатгача вақт берилади. Бунда у фақат кутубхона соҳасига тегишли ресурсларга кириши мумкин.

У.Каримовнинг билдиришича, китобхонларнинг Интернет имкониятларидан фойдаланиш даражаси паст. Ҳозир олий ўқув юртлари кутубхоналари Интернетдан фойдаланиш учун етарли маблағга эга. Шу боис, уларда Интернетдан маълумот олиш тезлиги анча катта. Баъзи кутубхоналар эса бу имкониятга эга эмас. Шундай муаммоларни ҳал қилиш учун маълумот олиш тезлигини ошириш, кутубхоналардаги компьютерлар сонини кўпайтириш керак.

У.Каримовнинг маълум қилишича, кутубхоналарда ўзбек тилидаги ресурслар етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Китобхонлар кутубхонадан ўзларига керакли ахборотнинг 99 фоизини рус тилида олмоқда. Чет тилларни билмаслик оқибатида ўзбек китобхонлари Интернетдаги жуда кўп ахборотдан фойдала олмаётир. Ўзбек тилидаги ахборот ресурсларини кўпайтириш учун маҳаллий тадқиқотчиларнинг жиддий ишларини Интернетга жойлаштириш керак.
XS
SM
MD
LG