Линклар

Б.Мусаев: Сайловчилар партияларнинг лаёқатсизлигига амин бўлади


Шайбон “Озодлик” мухбири Ўзбекистонда ўтказилаётган парламент сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг сайловолди платформаси ҳақида маҳаллий кузатувчиларнинг фикрларини ўрганди.

Ўзбекистон халқ демократик партияси ўзини сўл йўналишдаги партия деб эълон қилган эди. ХДПнинг 4-қурултойида эълон қилинган сайловолди платформасида партия мамлакатда ижтимоий адолат ўрнатиш учун курашиши белгилаб қўйилган. Партия биринчи котиби Аслиддин Рустамовнинг сўзларига қараганда, платформада мактаб таълимни ривожлантириш давлат дастури доирасида умумтаълим мактаблари бинолари ва ўқув-моддий бойликлари базасини сақлаш, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари бюджетдан молиялаш меёрларини қайта кўриб чиқиш, барча педагоглар ва тиббиёт ходимларининг моддий фаровонлигини таъминлаш, касблари нуфузини кўтариш учун ойлик маошларини кескин кўпайтириш таклиф этилмоқда. Платформада аҳолининг тўлов қобилиятини ҳисобга олмасдан уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва алоқа хизматлари учун нархларнинг мунтазам оширилишига ХДП қарши экани ва ушбу соҳаларда тарифларнинг шакллантирилиши устидан назоратни кучайтириш лозимлиги ҳам асослаб берилган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал демократик партияси тадбиркорлик ва ишбилармонлик учун кенг имкониятлар яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқишни асосий мақсади сифатида илгари сурмоқда. ЎзЛДП етакчиси Муҳаммаджон Аҳмаджонов бу ҳақда “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳам айтиб ўтганди.

“Агар биз парламентда кўп ўринни эгалласак, авваламбор тадбиркорларга шарт-шароитларни яхшилаш, улар олдида турган муаммоларни ечишга қаратилган қонунлар чиқаришга уринамиз. Қолаверса, партия парламентда назорат функциясини ривожлантириш тарафдоридир. Чунки бошқа партиялар Олий Мажлисда фракцияга эга бўлгани ҳолда ўтган беш йил давомида бирор қонунни таклиф билан киритгани йўқ, парламентнинг ваколатидан фойдаланиб бирорта қонунни назорат қила олмади”, деган эди М.Аҳмаджонов.

“Адолат” социал демократик партияси сайловолди платформасида “давлат хизмати ҳақида қонун қабул қилиш, хавфсизлик хизмати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ойлик маошларни индексация қилиш, прокуратура томонидан амалга оширилаётган камситишларни бартараф этиш” (русчадан таржима) назарда тутилган.

“Озодлик” мухбири мазкур партия вакилларига ўз платформаси ҳақида изоҳ беришни сўраб, бир неча марта мурожаат қилди. Бироқ бундан натижа чиқмади. Маълум бўлишича, “адолат”чилар партия номзодларини рўйхатга олишда юзага келган айрим камчиликларни бартараф этиш билан банд экан.

Афсуски “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партияларининг платформалари хусусида ҳозирча бир гап айтиш мушкул. Ушбу партиялар раҳбарлари “Озодлик” радиосига бу ҳақда маълумот беришни рад этиб келмоқда.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, сайловда қатнашаётган сиёсий партияларнинг платформалари моҳиятан анча яхши. Лекин ундаги режаларни амалга ошириб бўлмайди.

“Мавжуд сиёсий тузум платформаларда кўрсатилган муаммоларнинг ҳал этилишини инкор этади. Албатта, депутатликка номзодлар халқнинг олқишини олиши мумкин. Чунки уларнинг мақсадлари ёқимли, аммо сайлов ўтгач, ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолади. Зеро, муаммолар бу партиялар ихтиёри билан ҳал бўлмайди. Муаммолар ортида маълум гуруҳлар манфаати яширинган. Бу гуруҳлар парламентдан ҳам, ҳукумат мулозимларидан ҳам юқорироқ мавқега эга”, деди Б.Мусаев.

Жамиятшуноснинг таъкидлашича, партияларнинг ўзлари ҳам мақсадлари амалга ошмаслигини яхши билади. Шунга қарамай, улар содда халқни ишонтиришга уринмоқда. Бу партиялар жамият манфаатларини кўзламайди. Уларнинг барчаси ҳукумат партияларидир. Давлатнинг ўзи бир неча номенклатурачи гуруҳларга хизмат қилади. Шу боис, бу партиялар мана шу гуруҳлар манфаати йўлида хизмат қилишга маҳкум.

Б.Мусаевнинг эътирофича, партиялар амалга ошираётган хатти-ҳаракатлар бир масалада фойда келтиради. Яъни халқ, сайловчилар бу партияларнинг лаёқатсизлигига яна бир марта амин бўлади. Бу партиялар қайсидир маънода умум манфаатини ҳимоя қилади, деб ўйлайдиган одамлар ёлғон умидлардан халос бўлади.
XS
SM
MD
LG