Линклар

Маҳбусларнинг яқинлари ички ишлар идораларига чақиртирилмоқда


Зикрилло Ишонч Хабарларга кўра, Ўзбекистонда парламент сайлови арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилаётгани муносабати билан қамоқда ўтирган диндор маҳбусларнинг яқинлари ички ишлар идораларига чақиртилиб, сўроқ қилинмоқда.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бошқармасига чақирилган муслималардан бирининг сўзларига қараганда, ўзини ҳокимликдан деб таништирган икки аёл у билан бошқарманинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлимида суҳбат қилган. Аёллар ундан ким билан яшаши, яқинлари, фарзандлари ҳақидаги маълумотларни сўраган.

Муслиманинг айтишича, ички ишлар идораларига, асосан, Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айбланган маҳбусларнинг яқинлари чақиртирилмоқда. Баъзилар участка инспекторлари томонидан ҳеч қандай тушунтиришларсиз олиб кетилмоқда.

“Ички ишлар бошқармасида мендан тушунтириш хати ёздириб олинди. Бу хат “ҳеч қандай диний экстремистик оқимларга қўшилмайман, норасмий намойишларда иштирок этмайман, диний экстремизм билан шуғулланадиган аёллар билан алоқада эмасман, Президент олиб бораётган сиёсатни қўллаб-қувватлайман, қонунларга бўйсунаман” каби мазмундадир. Биров сайловолди намойишларига чақирса, чиқмаслигимиз лозимлиги тўғрисида ҳам огоҳлантирилдик”, деди муслима.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Отаназар Орипов бу каби хатти-ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига нисбатан ҳам қўлланилаётганини таъкидлади.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мухолифат вакилларининг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришига йўл қўймаслик, зарур бўлганда уларни уй қамоғида сақлаш ҳақида кўрсатма берилгани ҳақида эшитдим. Бу каби тадбирлар бошланганига анча бўлди. Мазкур тадбирлар сайловолди кампаниясининг таркибий қисмидир”, деди О.Орипов.
XS
SM
MD
LG