Линклар

logo-print

Верховний Рада ўзининг фавқулодда мажлисига йиғилди

  • Сарвар Усмон

Украина президентлигига сайловнинг иккинчи босқичи 21 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтгани, Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки маълумотларга қараганда, президентликка номзодлардан бири - иқтидордаги Бош вазир Виктор Янукович 49,38%, иккинчи номзод – собиқ Бош вазир Виктор Юшенко 46,71% овоз олгани тўғрисида хабар қилган эдик.

МСК натижаларни эълон қилганидан сўнг, яъни 22 ноябрь куни Киевнинг Мустақиллик майдонида Юшенко тарафдорларининг кўп минг кишилик митингги бошлангани тўғрисида ҳам айтувдик.

Норозилик митинги 23 ноябрь куни ҳам давом этди.
Митинг қатнашчилари Киев вақти билан кундуз соат бирларнинг атрофида Мустақиллик майдонидан Украина парламенти – Верховний Рада биноси томон юра бошлади. Чунки парламент Юшенко тарафдорлари талаби билан ўзининг фавқулодда мажлисига тўпланиши ва МСКга ишончсизлик билдириш масаласини кўриб чиқиши лозим эди.

Куннинг иккинчи ярмида Верховний Раданинг фавқулодда мажлиси бошланди. Парламент спикери мажлисга 191 депутат қатнашаётганини эълон қилди. Бироқ, агар Верховний Раданинг 450 депутати борлигини ҳисобга олсак, Юшенко тарафдорлари кун тартибига қўяётган масала – МСКга ишончсизлик билдириш масаласи бўйича бирон қарор қабул қилишнинг иложи йўқлигини тушуниш қийин эмас. Чунки бу қарорнинг қабул қилиниши учун 226 депутат розилик билдириши керак.

Парламент мажлисига президент Кучма, демакки Янукович тарафдорлари бўлган ҳамда коммунист депутатлар келмади.
XS
SM
MD
LG