Линклар

Мухолифат ЕХҲТдан сайловга кузатувчи юбормасликни талаб қилди

  • Садриддин Ашур

26 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси “Озод деҳқонлар” ва “Эрк” партиялари аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан пикет қилинди.

Пикет иштирокчилари ЕХҲТдан Ўзбекистонда 26 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловига ўз кузатувчиларини юбормасликни талаб қилди.

Яқинда “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова мухолифатдаги кучларни бирлашишга даъват этган эди. Бу таклифни “Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятова, “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ҳам қўллаб-қувватлаганди.

Н.Ҳидоятова ЕХҲТ ваколатхонаси олдидаги пикетни “Озод деҳқонлар” партияси уюштирганини маълум қилди. У қарийб 30 киши иштирок этган пикетда мухолифатдаги бошқа партиялар вакиллари ҳам иштирок этганидан мамнуният билдирди.

Пикет иштирокчиси, “Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Жаҳонгир Шосалимовнинг сўзларига қараганда, бўлиб ўтадиган парламент сайлови халқ манфаатини ифодаламайди. Чунки ҳокимият халқнинг бирорта муаммоларини кўтариб чиқмаётир.

“Эрк”чи Ойгул Маматованинг таъкидлашича, бу сайлов ҳокимият томонидан шу вақтгача ўтказиб келинаётган ўйинларнинг бир қисмидир. Унда ҳеч ким қонунга риоя этмаётир. Халқнинг сайлаш эркинлиги таъминланмаяпти.

Н.Ҳидоятованинг айтишича, “Озод деҳқонлар” партияси вакиллари мухолифат партияларнинг рўйхатга олинмаганидан бошлаб бу сайлов эркин ўтмаслигига ишонган. Шунинг учун сентябрь ойидаёқ ЕХҲТга мурожаат қилиб, ўз кузатувчиларини юбормасликни сўраган.

Пикетчилар олдига ЕХҲТ ваколатхонаси раҳбари Пэр Нурмарк чиқди. У пикетчилардан кузатувчиларни юбормаслик талаби битилган ҳужжатни қабул қилиб олди. П.Нурмарк бу талабларни ўз ташкилоти раҳбариятига етказишга ваъда берди.

Пикетчиларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари томонидан тазйиқлар ўтказилмади.

Аммо, Н.Ҳидоятованинг айтишича, пикетга жўнаб кетаётганида бир неча киши машинада уларнинг йўлини тўсган. Шундан сўнг улар пикет жойига “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиллари кузатувида келишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG