Линклар

logo-print

Шикоятлар эътиборсиз қолмайди...ми?

  • Садриддин Ашур

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси, ҳуқуқшунос Комилжон Одилов билан номзодларни рўйхатга олиш жараёнидаги қонунбузилишлар ҳақидаги аризаларни ўрганиш масаласида суҳбат уюштирди.

К.Одиловнинг сўзларига қараганда, сайлов кампанияси эълон қилинган кун, яъни 20 сентябрдан буён МСКга 120 дан ортиқ шикоят аризаси тушган. Уларнинг 23 таси округ сайлов комиссиялари, 51 таси номзодлар ва ташаббус гуруҳлари фаолиятига тегишлидир.

Жойларда ташаббус гуруҳларини рўйхатга олишдаги қонунбузарликлар ҳақида “Озодлик” радиоси бир неча марта чиқишлар қилган эди.

Масалан, “Эрк” демократик партияси аъзоси, ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатмоқчи бўлган Ойгул Маматова Самарқанд вилоятидаги 54-Оқдарё сайлов округи комиссияси аъзолари орасида сиёсий партиялар вакиллари борлигини билдирганди.

“Бу комиссиянинг туманимиздан сайланган 5 аъзосидан уч нафари Халқ демократик партияси аъзосидир. Жумладан, округ сайлов комиссияси раиси Раҳмон Эшмуродов партия вакили, котиби Шоди Исматов ХДП аъзои, комиссия аъзоси Эркин Маматов “Фидокорлар” партиясидандир”, деганди О.Маматова.

Сайлов қонунчилигида комиссия аъзоси партиясиз бўлишини белгилаб қўйилган. О.Маматованинг айтганлари К.Одилов учун ҳам янгилик бўлди.

Унинг таъкидлашича, сайлов комиссияси аъзолари вилоят кенгашларида қаттиқ текширилгандан кейингина сайланади. О.Маматова бу қонунбузарлик ҳақида МСКга мурожаат қилмаган. Бу масалани телефонда айтиш ҳам чора кўриш учун етарли бўларди.

О.Маматованинг билдиришича, у бу қонунбузарлик ҳақида МСК раиси ўринбосари Сайёра Хўжаевага ва Ҳабибулла Авезовга шахсан мурожаат қилган. МСК раиси Бўритош Мустафоевга эса ёзма равишда маълум қилган. Лекин бундан ҳеч қандай натижа чиқмаган.

86-Қўқон сайлов округидан ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатган Ўзбекистон демократик кучлар форуми раиси Исмоил Дадажонов ҳам округ сайлов комиссияси раиси унинг номзодини рўйхатга олмаслик учун қочиб юрганини билдирганди.

К.Одилов бу ҳақдаги маълумот МСКга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда АҚШ элчихонаси орқали келиб тушганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу маълумотлар 86-сайлов округи комиссияси томонидан текширилган ва ташаббускор гуруҳга ҳужжатларидаги камчиликлар тушунтирилган.

Ариза устидан шикоят қилинган муассасанинг ўзи томонидан текширилишида қандай мантиқ бор?

“Ташаббус гуруҳи ҳужжатлари округ сайлов комиссиясида турибди. Керак пайтда биз уларни олиб, текшириб кўришимиз мумкин. Ҳозирги ҳолатда бизда округ сайлов комиссиясига ишонмаслигимизга асос йўқ. Бу ҳужжатларга комиссиянинг 11 аъзоси имзо қўйган”, деди К.Одилов ушбу саволга жавоб бериб.

Сайлов тўғрисидаги қонунинг 23-прим моддасида сайлов комиссиялари имзо варақаларини тўғри тўлдирилганини текшириш учун ички ишлар ва адлия органларидан мутахассислар жалб этилиши белгилаб қўйилган.

Хўш, мухолифат вакили учун имзо қўйган сайловчининг уйига имзонинг ҳаққонийлигини текшириш учун милиция ходими билан бирга борилса, унда қўрқув ва эсанкираш пайдо бўлмайдими?

К.Одиловнинг айтишича, қонунда ички ишлар ходимлари деганда мазкур идораларнинг хатшунослари, паспорт бўлими вакиллари назарда тутилган.

МСКдан маълум қилишларича, тушган ариза ва шикоятларнинг бирортаси эътиборсиз қолдирилмайди. МСКнинг жавобидан қониқмаган шахслар бу ҳақда судга мурожаат қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG