Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Сайлов тарғиботчисининг номзоди рўйхатга олинмади


Наманган вилояти сайлов комиссияда ўтказилган навбатдаги матбуот анжуманида вилоятда расман рўйхатга олинган 4 та ташаббус гуруҳидан кўрсатилган номзодларнинг иккитаси мансабдор шахс, иккитаси тадбиркор экани маълум бўлди.

Вилоят сайлов комиссияси раиси Солижон Нодировнинг сўзларига қараганда, Наманганда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш учун 11 та ташаббус гуруҳи тузилган. Улардан тўрттаси расмий рўйхатдан ўтган. Рўйхатдан ўтган 4 та ташаббус гуруҳидан 2 нафар мансабдор шахс ва 2 тадбиркорнинг номзоди кўрсатилган.

Маълум бўлишича, Наманган давлат университети жаҳон тарихи кафедраси мудири, айни пайтда вилоят сайлов комиссияси матбуот маркази тарғибот гуруҳига раҳбарлик қилаётган Бахтиёр Исоқовнинг номзодини ҳамқишлоқлари ташаббус гуруҳи орқали 42-Янгиқўрғон сайлов округидан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатмоқчи бўлган. Аммо округ сайлов комиссияси унинг номзодини рўйхатга олмаган.

С.Нодиров Б.Исоқовнинг номзоди нега рўйхатга олинмаганини 42-сайлов округи комиссиясидан сўраш тўғри бўлишини таъкидлади.

Б.Исоқовнинг ўзи эса номзодини рўйхатга олишга қаршилик кўрсатилиш сабабларига тегишли идоралардан жавоб ола олмаганини маълум қилди.

Б.Исоқовнинг ҳамқишлоқлари олим ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

“Б.Исоқов қонунни тушунадиган, халққа фойдаси тегадиган инсон. Унга ўхшаган кишилар парламентда ишлашини орзу қиламиз. Домла Қонунчилик палатасида ишлашга ҳақли инсонлардан бири. У халқ ва давлат ўртасида ҳақиқий воситачи бўлиши мумкин эди. Биз нега унинг номзоди рўйхатга олинмаганини билмаймиз. Аввалги сайловда ҳам ўзимизга маъқул бўлган шоир ва ёзувчи Тўра Мирзонинг номзодини Олий Мажлис депутатлигига кўрсатмоқчи бўлгандик. Унинг номзоди ҳам ўтказилмаганди”, деди олимнинг ҳамқишлоқлари.
XS
SM
MD
LG