Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:58

“Бузтон” қувватини оширмоқда


Ҳакимбек Россия ва МДҲ мамлакатларида телекоммуникация хизмати кўрсатиш бўйича етакчи ўринда турувчи “Голден телеком” компаниялари гуруҳи таркибига кирадиган “Бузтон” қўшма корхонаси Ўзбекистонда янги рақамли телефон тармоғидан фойдаланишни йўлга қўйди.

Қўшма корхона бош директори Одил Алимовнинг сўзларига қараганда, “Голден телеком” “Бузтон” акцияларининг катта қисмини сотиб олгандан сўнг корхонада катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. “Голден телеком” директорлар кенгаши техникавий базани янгилаш ва фаолият ҳудудини кенгайтириш учун жорий йилда “Бузтон”га 2 миллион доллар сармоя киритган. Қўшма корхона декабрь ойида янги АТСни ишга туширишни мўлжаллаган. Унинг телефон тармоғи келажакда барча вилоятларни қамраб олади. Шу вақтгача қўшма корхона фақат Тошкент шаҳрида корпоратив мижозларга хизмат қилиб келарди.

О.Алимовнинг таъкидлашича, 10 мингдан ортиқ телефон рақамига эга АТС 1 декабрдан бошлаб мижозларга хизмат кўрсата бошлайди. “Бузтон” рақамли технологиядан фойдалангани учун оддий телефон тармоқларидаги каби сўзлашувлардаги узилишлар, четдан овоз тушиб қолишлар йўқ.

“Бузтон” қўшма корхонаси 120-АТСга хизмат кўрсатиши билан танилган. Корхона мижозларини Тошкентдаги халқаро ташкилотлар, элчихоналар, банклар, меҳмонхоналар, фирма ва компаниялар ташкил этади.

О.Алимовнинг билдиришича, қўшма корхона учун яна 20 минг телефон рақами ажратилган. Бу эса фуқароларнинг ҳам мазкур корхона хизматидан фойдаланишига йўл очади. Бу рақамлардан фойдаланиш нархи ойига 30 минг сўмни ташкил этади.

Жорий йилнинг июнида “Бузтон” қўшма корхонасининг 54 фоиз акциясини “Голден телеком” компанияси сотиб олганди. Бунга қадар акцияларнинг 50 фоизи АҚШнинг “Эн-Си-Ай прожектс”, қолгани “Ўзбектелеком” компанияси назоратида эди. Бугунги кунда “Ўзбектелеком” “Бузтон”нинг 43,52 фоиз, “Эн-Си-Ай прожектс” эса 2,48 фоиз акциясига эга.

“Голден телеком” президенти ва бош бошқарувчиси Александр Виноградов компания Ўзбекистонда мамлакат қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, фаолият юритишини маълум қилди.

“Бизнес юритишда ҳамма жойнинг ўзига хос қонунчилик базаси мавжуд. Масалан, Украина қонунлари бизнес учун анча либерал. Россия ва Ўзбекистонда қонунчилик нисбатан қаттиқ. Бундан ташқари, Россия бугун монополиялаштириш сари бормоқда. Ўзбекистонда эса ҳалигача ҳамма соҳада монополия мавжуд. Биз ишлаётган мамлакатимиз қонунчилиги талаблари асосида фаолият кўрсатамиз. Фақат бизнесимиз қонуний бўлса ва фойда келтирса бас”, деди А.Виноградов.

“Голден телеком” компаниясининг Россиядаги тармоқлари умумий узунлиги 50 минг километрдан ортиқ бўлиб, улар жами секундига 350 мегабит ахборот узатиш қувватига эга.

Компаниянинг Россиядан ташқари Қозоғистон, Грузия, Озарбойжон ва Беларусда ўз пунктлари мавжуд.
XS
SM
MD
LG