Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:48

Туркманистон парламенти Бухоро шартномасини ратификациялади


27 ноябр куни Туркманистон парламенти Ўзбекистон билан дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Бу шартнома шу йил 19 ноябр куни Бухорода имзоланган эди. Маҳаллий кузатувчилар фикрича, Мажлис ратификация тўғрисидаги қарорини ўта қисқа муддат ичида қабул қилди ва буни бемалол рекорд кўрсаткич, дейиш мумкин.Ўзбекистон-Туркманистон ўртасида имзоланган ва бир ҳафта ичида Туркманистон парламентида ратификация қилинган бу шартномадан икки давлат чегара бўйларида яшовчи аҳоли жуда умидвор эди. Шу боис чегарада қон тўкилишигача борган бир паллада эришилган шартнома бундан буён вазиятга қанчалик таъсир кўрсатади, деган савол туғилади. Қўшни республикалар аҳолисининг борди-келди муносабатларида бу шартноманинг ёрдами тега бошладими?

29 ноябр — Туркманистонда Аҳил қўшничилик куни. Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасида 19 ноябр куни имзоланган ўзаро дўстлик, ишонч ва ҳамкорлик шартномасининг ўта қисқа муддат ичида Туркманистон парламентида ратификация қилиниши сабаби шу сана муносабати билан изоҳланмоқда.
Айни ўринда эслатиш жоиз, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон президентларининг Бухоро учрашувида бир неча муҳим ҳужжатлар имзоланди. Булар: Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дўстлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома, икки давлат ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатнови ва чегара бўйи вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллашитирилган қатнов тартиби ҳамда чегара бўйи ҳудудларида жойлашган хўжалик объектларида ишловчи шасхлар томонидан ўзбек-туркман чегарасини кесиб ўтиш тўғрисидаги битимлардир.
Айни ҳужжатларда белгиланишича, эндиликда чегара бўйида яшовчи ўзбекистонлик аҳоли 12 та чегара постлари орқали эмин-эркин Туркманистонга, туркманистонликлар эса Ўзбекистонга ўтишлари мумкин.
Бунга қадар чегаранинг ёпиқлиги, мавжуд виза тизимидан қанча фуқаролар азият чеккани, чегарадаги туркман ҳарбийлари бир неча бор ўзбекистонлик фуқароларни калтаклагани, ҳатто, милтиқ ўқталиб, отгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Ҳужжатларни имзолаш маросимида президентлар бундан буён чегарада яшаётган аҳоли сим тўсиқ ортидаги қариндошидан қайғурмай, хотиржам ухлаши, ҳоҳлаганда бориб, яқинларини кўриб келиши мумкинлигини ваъда қилган эдилар. Бу ҳақда, жумладан, Сапармурод Ниёзов бундай деган эди:
“Чегара ҳудудларида яшайдиган ҳар бир ўзбек ва туркман дўстларимиз бундан буён эртасидан қайғурмай, бемалол ухлаши мумкин. Энди биз ҳеч қандай тушунмовчиликларга йўл қўймаймиз. Муаммо шунчалик ҳал бўлганининг ўзи катта бахт”.
Учрашувда айтган ушбу гапларини Туркманбоши яна-да мустаҳкамлади, яъни, Бухоро шартномасини Туркманистон Мажлисида ратификация қилдирди.
Аммо ккки давлат чегара бўйи ҳудудларида яшовчи аҳолини олам-олам ваъдалар билан орзиқтирган бу ҳужжат амалий кучга кирдими? Бугунги кунга келиб, аҳолининг чегарадан ўтиш-қайтиши қандай бўлаяпти?
Шундай савол билан биз чегара ҳудудида истиқомат қилаётган айрим ўзбекистонликларга боғландик. Аввал ҳам айни мавзуда бир суҳбатлашганимиз — Отаниёз Шарипов фикрича, чегарада вазият анча юмшаган.
“Туркманистонга бориб-қайтаётганларнинг айтишича, ўтиш-қайтиш анча эркин бўлиб қолган. Чегарадан ўтиш учун аввал олти доллардан пул тўланар эди, шуни ҳам бекор қилишди, дейишаяпти. Худога шукр, ҳар ҳолда енгиллик бўла бошлапти”.
Аммо, енгиллик бўла бошлади, деган гапни фақат Отаниёз акадангина эшитдик. Бошқа суҳбатдошларимизнинг деярли барчаси вазият айтарлик ўзгармагани, чегарадан ҳануз эски тартибда ўтилаётганини айтди.
“Айтарли ўзгариш бўлгани йўқ, ҳалиям олти доллар тўланаяпти.”
“Енгиллашди, деб ким айтса, бекор айтибди. Умуман енгиллагани йўқ. Олти доллар тўлайсиз, кейин ўтказади. Ўша-ўша муомала, ўша-ўша тартиб”.
Яна бир суҳбатдошимиз, хоразмлик мустақил журналист, “Очиқ Осиё” лойиҳаси иштирокчиси Ғайрат Бобожон сўзларига кўра, шартномаларнинг имзоланиши, айтилаётган гаплар фақат қоғозда. Амалиётда эса ҳали ўзгариш бўлгани йўқ, дейди бу суҳбатдошимиз ҳам.
“Чегара чизиғи ўтказилганда, ҳовлисини, хўжалигини сим тўсиқ бўлиб қўйган одамларнинг муаммолари ҳамон шундайлигича турибди. Туркманистон томонда қолган оилаларга бир ой ичида кўчиб кетинглар, деган шарт қўйилган. 30 гектар ери Туркманистон томонда қолган қоракўллик фермер эса пахтасини териб олиши билан еридан маҳрум бўлади”.
Ғайрат Бобожон сўзларига кўра, чегарадаги вазиятдан ҳануз Ўзбекистон фуқаролари кўп азият чекаяпти.
“Ҳовли-жойи Ўзбекистон томонга ўтиб қолган Туркманистон фуқаролари чегарадан бепул, эмин-эркин ўтаяпти. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистондаги хўжалик объектларида ишловчи фуқаролар. Туркманистон томонда қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари эса, чегарадан пул тўлаб, бунинг устига туртки, маломат билан ўтишаяпти. Вазият ўша-ўша”.
Шу тариқа ўзбек-туркман чегара ҳудудларида яшовчи аксарият суҳбатдошларимиз шартномалар имзолангандан буён умидларини оқлагудай бирор бир янгилик бўлмаганини айтишди. Бу борада мавжуд вазиятни янада ойдинлаштириш мақсадида чегара ҳудудидаги ўзбек чегара хизматига боғланишга уриндик, аммо, ҳозирча бунга муваффақ бўлмадик. Келгуси дастурларимизда эса, албатта, мавзуга яна қайтамиз.
XS
SM
MD
LG