Линклар

Бухорода яҳудийлар камайиб боряпти


Басира Тарихий манбаларда яҳудийлар Бухорога бундан икки минг йил муқаддам келиб жойлашгани таъкидланади. Бухоро яҳудийлари бугунги кунда дунёнинг турли давлатларида истиқомат қилади.

Қадимдан ислом дини марказларидан бири саналган Бухоронинг эски шаҳар қисмида яҳудийлар маҳалласи мавжуд. Маҳаллий аҳоли уларни жуҳудлар деб атайди.

Бухоро яҳудийлари миллий маданият маркази президенти Абрам Исоқовнинг сўзларига қараганда, илгари Бухорода 20 мингдан ортиқ яҳудий истиқомат қиларди. Ҳозирги кунда эса шаҳарда 500 га яқин яҳудий қолган. Бухорода иккита синагог, мамлакатда яккаю ягона яҳудийлар мактаби ва боғчаси бор.

А.Исоқовнинг таъкидлашича, АҚШда Бухоро шаҳридаги яҳудийларга ёрдам кўрсатиш ва бу ердаги қабристонни ободонлаштириш учун “Бухоро” жамғармаси ташкил этилган.

“Уч йил давомида жамғарма қабристонимизни ободонлаштириш учун қарийб 16 миллион сўм ажратди. “Сохнут” ва “Жойн” халқаро ташкилотлари ҳам яҳудийларга ёрдам беришга хизмат қилиши керак. Бироқ бу ташкилотлар бизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаётир. Бизга фақат АҚШдаги “Бухоро” жамғармаси, Бухоро вилояти ва шаҳри ҳокимлиги ёрдам беряпти, холос”, деди А.Исоқов.

А.Исоқовнинг билдиришича, Ўзбекистон мустақил бўлгунга қадар яҳудийлар тазйиқлар сабабли мамлакатни тарк этган. Бугун эса улар бошқа муаммога дуч келмоқда.

“Бизни қизимизни кимга узатиш, ўғлимизни кимга уйлантириш масаласи қийнаяпти. Чунки ёшларимиз хорижга жўнаб кетяпти. Катта ёшдагилар нима қилсин? Уларга ҳам кимдир қараш керак-ку! Шунинг учун улар ҳам фарзандлари билан кетишга мажбурлар”, деди А.Исоқов.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган бухоролик ўзбеклар яҳудийлар билан жуда яхши муносабатда эканлигини таъкидлади ва уларнинг кўплаб кўчиб кетаётганидан афсус билдирди. Ўзбекларнинг айтишича, шу кунгача бу халқлар ўртасида зиддият бўлмаган.
XS
SM
MD
LG