Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 12:05

“МакМилан” Тошкентда дўкон очди


Ҳакимбек Тошкентда инглиз тилидаги китобларни сотишга ихтисослашган “МакМилан бук шоп” дўкони очилди. Ҳозирча Ўзбекистонда ягона бўлган ушбу дўкондан бадиий адабиётлардан тортиб, ўқув қўлланмаларигача топиш мумкин.

Дўкон директори Шоира Авазованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишга интилиш жуда кучли. Янги дўкон мазкур тилни ўрганишга қизиқувчиларнинг эҳтиёжларини бироз бўлса-да, қондиришга хизмат қилади. Дўконда инглиз тилини ўрганувчилар ва ўргатувчилар учун турли ўқув қўлланмалари мавжуд. Шунингдек, бу ерда болалар учун мўлжалланган инглиз тилидаги китоблар, қўшиқ ва ўйинлар тўплами, инглиз тилидаги тестлар тўплами, изоҳли луғатлар, бизнес соҳасига оид қўлланмалар бор.

Дўкондан машҳур ёзувчилар Марк Твен, Чарлз Диккенс, Ридярд Кипплинг, Жек Лондон ва бошқаларнинг ҳикоя ва қиссаларини ҳам топиш мумкин. Бу бадиий адабиётлар инглиз тилини ўрганаётган ёшлар учун мослаб осонлаштирилган инглиз тилида нашр этилган.

Янги дўконда, асосан, ёшларни, инглиз тили ўқитувчиларини ва фарзандлари учун китоб сотиб олаётган ота-оналарни учратиш мумкин. Уларнинг таъкидлашича, мазкур дўкондаги китоблар нисбатан арзон. Шунингдек, турли соҳаларга оид китобларни топиш мумкин.

Ш.Авазованинг билдиришича, ҳозир Ўзбекистонда инглиз тилидаги қандай китобларга талаб борлиги ўрганилмоқда. Яқин келажакда дўкон ана шундай китоблар билан бойитилади. Компьютер воситасида инглиз тилини ўрганувчилар учун компакт дисклар савдоси йўлга қўйилади. Байрамлар арафасида дўконда китоблар чегирма нархларда сотилади.

Шу ўринда “МакМилан” ноширлик компанияси ҳақида икки оғиз сўз. Маълумотларга кўра, “МакМилан” инглиз тили ўрганувчилар учун ўқув ва методик қўлланмалар нашр қиладиган дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания бундан 150 йил муқаддам ташкил этилган. “МакМилан” китоблари етук мутахассислар томонидан тайёрланиши ва юқори сифатлилиги билан ажралиб туради.
XS
SM
MD
LG