Линклар

Генетик модификацияланган ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар озиқ-овқат муаммосини хал эта оладими?

  • Ҳасанжон

Маълумки, сўнгги йилларда генетик модификацияланган ўсимликлар, яъни ген хужайралари ўзгартирилган ўсимликлар дунёнинг айрим давлатларида ўстирилмоқда ва ундан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу соҳада АҚШ дунёда етакчилик қилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Айрим мутахассислар, генетик модификацияланган ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарли эканини айтаётган бўлса, бошқалари бу озиқ-овқат тақчиллиги муаммосини ҳал этиши мумкинлигини таъкидламоқда. “Тоза табиат” рукнининг бугунги сони ана шу мавзуга бағишланган.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти ўтказган тадқиқот натижасига кўра, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг ўсиши озиқ-овқат ишлаб чиқариш суръатидан анча ўзиб кетиши мумкин.

20 йил ичида дунё аҳолиси учдан бирга кўпайиб, саккиз миллиардга етиши, айни пайтда қишлоқ хўжалининг суғориладиган ерлар майдони озгина кўпайиши тахмин қилинмоқда. Мутахассислар фикрича, шундай шароитда био-инженерлик асосида, бошқача айтадиган бўлсак, бир ўсимлик хужайрасини бошқасига ўтказиш, яъни, генетик модификациялаш усули орқали ўсимликларнинг қурғоқчилик ва касалликка чидамли, шўр тупроқда ўса олмайдиган, серҳосил навларини яратиш мумкин. Бу эса дунё аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни бемалол қондиради.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти вакили Йозеф Шмидхубер озиқ-овқат тақчиллиги муаммосининг олди олиниши мумкинлигини айтади:

”Умуман, глобал миқёсда озиқ-овқат ишлаб чиқариш масаласида гапирадиган бўлсак, менимча, бўҳрон юз бермаслигига умидвор бўлишимиз мумкин. Менимча, дунё бўйича озиқ-овқат ишлаб чиқариш суръати аҳоли ўсишидан олдинда бўлади ва дунё аҳолисининг ҳозиргига қараганда кўпроқ қисми етарлича овқатланиш имконига эга бўлади“ - дейди БМТ вакили.

Генетик модификацияланган соя, маккажўхори ва шу каби бошқа ўсимликлар биринчи марта 1996 йилда АҚШда тижорат мақсадларида ўстирилганидан бери улардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини юз миллионлаб одам (ва ҳайвон) истеъмол қилиб келмоқда. Ҳозиргача ҳеч ким генетик модификацияланган ўсимликдан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилгани учун саломатилигига зарар етганидан шикоят қилгани йўқ.

Биотехнология масалалари билан шуғулланувчи компанияларга кўра, (бояроқ айтиб ўтилган хусусиятлардан ташқари) генетик модификацияланган ўсимликлар серҳосил бўлгани сабабли ундан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларнинг тан нархи арзон бўлади.

Айни пайтда, генетик модификацияланган ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотининг одам саломатлиги, шунингдек, атроф-муҳитга қандай таъсир этиши ҳозиргача илмий асосда тўлиқ ўрганилмагани боис кўпчилик, айниқса, европаликлар бундай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ва уларнинг дўконларда сотилишига қаршилик қилмоқда. Бошқалар эса генетик модификацияланган ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар қутисига махсус белгилар қўйилиши кераклигини таъкидламоқда.

Генетик модификацияланган ўсимликлар хавфсизлиги аксарият давлатларда биохавфсизлик учун масъул бўлган идоралар томонидан назорат қилинади.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Ўзбекистонга ҳам генетик модификацияланган, яъни, иссиқхона шароитида ўсадиган памидор, бодиринг, декоратив гуллар ва бошқа ўсимликлар уруғлари олиб келинмоқда. Шу боис қишда мамлакат бозорларида памидор, балғари, бодринг, бақлажон каби полиз маҳсулотларини бемалол харид қилиш мумкин.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ер майдонларининг шўрланиш даражаси кўпайиб бораётганини мутахассислар тасдиқлашмоқда.

Айниқса, Орол денгизи қурий бошлаганидан сўнг ерларнинг шўрланиш даражаси кучайди. Бу эса, Ўзбекистонда озиқ-овқат етиштирадиган майдонлар ҳажми камаяётганини англатади. Хўш, қандай қилиб бу муаммони хал этиш мумкин? Яқинда япониялик олим Ўзбекистонда бўлиб, ана шу экологик муаммонинг ечимини топиш ғоясини берди.
XS
SM
MD
LG