Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:55

Қалам ҳақига нима беради?


Феруза Бугунги кунда Ўзбекистондаги ижод аҳли асарлар учун кам қалам ҳақи тўланаётганидан нолийди. Чунки тўланаётган қалам ҳақи уларнинг ўзини фақат ижодга бағишлашига тўсқинлик қилмоқда.

Шоир Шукруллонинг сўзларига қараганда, ҳозир китоб ёзиб, пул оляпман дегулик эмас. У бундан беш-олти йилча аввал ёзган “Тирик руҳлар” романи учун 100-150 минг атрофида қалам ҳақи олган. Ҳолбуки, бу унинг бир неча йиллик меҳнати маҳсули эди. Бугунги кунда кўп асарлар ёзилмоқда. Лекин уларнинг савияси паст. Яхши асар топиш хазон ичидан ёнғоқ қидиришдек қийин бўлиб қолган.

Шукрулло китобхонларни бадиий асарга қизиқтириш учун уни тарғибот ишлари яхши йўлга қўйилмагани, кучли бадиий таҳлил йўқлигини таъкидлади.

Адабиётшунос олим, танқидчи Ботир Норбоевнинг айтишича, адабий танқиднинг ривожланиши ҳам иқтисодга бориб тақалади. Илгари адабий танқид жанридаги китоб чиқариш билан тирикчиликнинг бир томонини кўтариш мумкин эди. Ҳозир бу рағбат умуман йўқ. Қолаверса, бугунги кунда китоб, чиқариш, айниқса, у адабий танқид жанрида бўлса, анча қийин. Чунки бу жанрдаги китобнинг ўқувчиси кам бўлади.

Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг билдиришича, ҳозир бир шеърий туркум учун 2-3 минг сўм атрофида қалам ҳақи тўланади.

Суҳбатдошларнинг барчаси шўролар даврида қалам ҳақи жуда юқори бўлгани, нашр этилган китоб учун тўланган ҳақ нафақат ижод қилиш, балки тирикчилик ўтказишга ҳам етганини таъкидлади.

Нашриётлардан бирининг вакили сўзларига кўра, илгари китоб чиқариш учун барча харажатлар давлат ҳисобидан қопланган. Қалам ҳақини ҳам давлат тўлаган. Бугунги кунда эса нашриёт ўз кунини ўзи кўрмоқда. Шунинг учун муаллифлар китоб чиқариш учун, албатта, ўзига ҳомий топишга мажбур. Нашриётлар оғир иқтисодий аҳволда бўлса-да, бир илож қилиб топган маблағини мактаб кутубхоналарини тўлдириш учун лотин алифбосида бадиий ва сиёсий адабиётлар чиқаришга сарфлайди.
XS
SM
MD
LG