Линклар

Арун Нанда: “Ўзбекистонда ОИТСга чалинган 200 дан ортиқ маҳбус бор”


Озодбек “Озодлик” мухбири Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Арун Нанда билан Ўзбекистондаги аҳоли саломатлиги муаммолари юзасидан суҳбатлашди.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган ЖССТ БМТ таркибидаги йирик бирлашмалардан биридир. Мазкур ташкилот 6 та ҳудудий қўмита ва кўплаб мамлакатларда ваколатхоналарга эга. Ўзбекистон 2003 йил Венада бўлиб ўтган йиғилиш чоғида ЖССТнинг Европа минтақавий қўмитаси аъзолигига қабул қилинганди.

А.Нанданинг сўзларига қараганда, ЖССТ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан мамлакатда икки йил давомида фаолият кўрсатиш бўйича битим имзолаган. Ташкилотнинг вазифаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига аҳоли саломатлигини сақлашда кўмаклашишдан иборат. Шу мақсадда ЖССТ ваколатхонаси вазирлик билан доимий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Вазирлик билан олиб борилган музокаралардан сўнг ваколатхона мамлакатда яна икки йил давомида фаолият кўрсатишга рухсат олган. Ваколатхона бюджети ҳам аввалги 250 минг доллар ўрнига эндиликда 500 минг долларни ташкил этмоқда. Бу эса ваколатхона Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириб бораётганини кўрсатади.

А.Нанданинг таъкидлашича, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб муаммолар мавжуд. Бугунги кунда мамлакатда сил, безгак, қоқшол (полиомиелит) кенг тарқалмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ОИТСга чалинган беморлар сони ҳам кескин ортга. Ривожланаётган мамлакатда аҳоли саломатлигига, асосан, юқумли касалликлар таҳдид соляпти. Ривожланган давлатларда эса юқумли бўлмаган касалликлар кенг тарқалган. Собиқ иттифоқ давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳар икки турдаги касалликлар тарқалиши кузатилмоқда. Мамлакат аҳолисининг асосий қисми соғлом турмуш тарзини йўлга қўймагани сабабли фуқароларда касалликка чалинишга мойиллик кучли. Бунга бу ерда ҳаёт кечириш учун мураккаб шароит мавжудлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатган, албатта. Яроқлилик даражаси паст бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, тоза ичимлик сув етишмаслиги аҳоли ўртасида турли касалликларнинг урчишига олиб келяпти.

А.Нанданинг айтишича, Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги асраш учун ҳали кўп иш қилиниши керак. Халқаро ҳамжамият мамлакатда ОИТС, сил, безгак касалликлари тарқалишининг олдини олишга молиявий кўмак кўрсатяпти. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар талайгина.

“Ўзбекистонда ОИТСга чалинганлар унчалик кўп эмас. Расмий маълумотларга кўра, улар сони 5 минг нафар. Лекин ОИТС билан оғриётганлар сони йилига 300-400 фоиз кўпайиб боряпти. Бундан ташқари, оналар ва болалар ўлими ҳам кейинги пайтларда кўп кузатиляпти. Умуман ўлим ҳоларлари негадир камаймаётир. Бунга, асосан, юқумли бўлмаган касалликлар сабаб бўляпти. Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам ОИТСга чалинганлар борлиги бизга маълум. Ташкилотимиз кўнгиллари ўтказган сўров натижасида қамоқхоналарда ОИТС билан оғриган 204 маҳбус борлиги маълум бўлди. Уларнинг аксарияти эркаклар ва гиёҳванд ёшлар. Лекин бундай беморларнинг шахси сир тутилади. Чунки уларни ажратиб қўйиш демократик тамойилларга мос келмайди”, деди ваколатхона раҳбари.

А.Нанданинг билдиришича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ютуқлар анчагина салмоқли. Сўнгги вақтларда ҳукумат расмийлари мавжуд муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратяпти.
XS
SM
MD
LG