Линклар

logo-print

Бош вазир Ийяд Аллави ироқлик сунний уламолар билан учрашиш учун Иорданияга борди

  • Ҳасанжон

Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий ироқлик сунний мусулмон лидерлар, жумладан АҚШнинг Ироқда янги тартиб ўрнатишига қарши бўлган уламолар билан учрашиш учун чоршанба куни Иорданияга борди. Сунний гуруҳлар 30 январда бўладиган сайловларга бойкот эълон қилганига қарамай, Аллавий уларни сайловларда қатнашишга рағбатлантиришга уринмоқда.

Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий чоршанба куни Иорданияда кимлар билан учрашишини аниқ маълум қилмади. Бағдоддан Аммонга жўнаб кетиши олдидан Аллавий ироқлик сунний уламолар билан учрашиш ниятида эканини, аммо АҚШ ёки Ироқ кучларига қарши ҳужумларда иштирок этганлар билан учрашмаслигини билдирди.

Бош вазир Иорданияда Ироқнинг суннийлар маркази ҳисобланган Анбар вилояти уламолари билан ҳам учрашишини маълум қилди. Аммо Аллавий собиқ Баас партияси расмийлари билан учрашиши ҳақидаги маълумотни рад этиб, буни матбуот ўйлаб топган уйдирма, деди. Ҳолбуки ўтган ҳафта Ироқ ташқи ишлар вазирлиги сайловларда собиқ баасчилар ҳам қатнашиши мумкинлигига ишора қилган эди. Кўпчилик собиқ Президент Саддам Ҳусайнга содиқ бўлган Баас партияси аъзолари ҳозирда исёнларни ташкил этишда муҳим рол ўйнамоқда, деган фикрда.

Мустафо Алани Дубай шаҳридаги Форс Кўрфази тадқиқот маркази таҳлилчиси. Аланига кўра, Аллавий ҳам Ироқдаги ҳам Ироқ ташқарисидаги сунний уламолар билан учрашади:


”Улар араб суннийлари намояндалари бўлиши керак. Лекин улар Ироқдаги қуролли гуруҳ вакилларими ёки бошқаларми? Улар қуролли гуруҳларга ўз таъсирини ўтказа оладими ёки йўқ? Энг муҳими шу. Ироқ ҳукумати Фаллужани ўз назоратига олганидан кейин бу иш амалга ошаётганини назардан четда қолдирмаслигимиз керак. Аллавий Фаллужада ўтказилган операциялардан кейин ҳаракат қилиш кераклиги ва сунний араблар билан ярашиш учун муҳим палла етиб келганини англамоқда” - дейди Мустафо Аланий.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Аллавий Иорданияда 25 – 30 нафар сунний уламолар билан учрашади. 7 декабрда Аммонда бўладиган кейинги учрашувда у 120га яқин ироқлик сунний раҳбарлар билан учрашади. Икки учрашув ўртасидаги вақт давомида Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий Берлин ва Москвага сафар қилишни режалаган.

Таҳлилчи Мустафо Аланига кўра, Иорданиядаги музокара чоғида Ироқнинг янги ҳукуматидаги ўринларни суннийлар билан қандай қилиб бўлашиш масаласи ҳам муҳокама этилади:


”Агар араб суннийлар жамоаси (позицияси)да бирор ўзгариш юз берадиган бўлса, у Ироқ суннийларининг (сайловларда) кўпроқ иштирок этиши ва уларга ҳокимиятдан кўпроқ ўрин берилиши тўғрисидаги сиёсий ваъдаларга асосланган бўлиши керак. Америкаликлар шиа ва курдлар билан иттифоқ тузгани учун суннийлар ўзларини бу жараёнда ютқазганлар, деб ҳисоблайдилар. Энди агар Алавий томонидан айрим кафолатлар таклиф этилса, бу Ироқ суннийларига бошқача таъсир этиши мумкин” - дейди Мустафо Аланий.

Фаллужага қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши арафасида катта таъсирга эга бўлган аксарият сунний ташкилотлар ҳозирча январ ойида бўладиган сайловларни бойкот қилишга қарор қилган.

Ўтган ҳафта Ироқ суннийларининг 17 гуруҳи хусусан 10та етакчи сиёсий партия ҳам зўравонликлар давом этаётгани ва яхши тайёргарлик кўрилмагани учун сайловларни кечиктиришга чақирувчи баённомани имзолади.

Мазкур ҳужжатга имзо қўйган партиялар орасида суннийлар орасида катта таъсирга эга бўлган Аднан Пачачи бошчилигидаги партия ҳам бор. Пачачи май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловига ўз номзодини қўйиб мағлубиятга учраган эди.

Ҳозирда араб давлатлари раҳбарлари Бош вазири Ийяд Аллавий бошчилигидаги Ироқ ҳукуматига ироқлик суннийларнинг сайловларда тўлиқ иштирокини таъминлаш ёки 30 январга белгиланган сайловларни кечиктириш хусусида кучли босим ўтказмоқда.

Ўтган ҳафта Мисрнинг Шарм эл-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Яқин Шарқ, Европа ва АҚШ, жами 20та давлат ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Улар Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавийни сайловларда имкон қадар кўп гуруҳ вакиллари қатнашишини таъминлашга чақирдилар. Кўпчилик бу ироқлик сунний ташкилотларга тегишли чақириқ, деган фикрда.
XS
SM
MD
LG