Линклар

Даъво бор, судга мурожаат қилишга келганда…

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш босқичи ниҳоясига етиб, навбатдаги учинчи босқич – ташвиқот жараёни бошланди. Хўш, номзодлар кўрсатиш босқичида қандай қонунбузарликларга йўл қўйилди?

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, парламент сайловида Халқ демократик партиясидан 118, Либерал демократик партиядан 119, “Фидокорлар”дан 89, “Миллий тикланиш”дан 61 ва “Адолат”дан 74 номзод иштирок этади.

МСК раиси ўринбосари Сайёра Хўжаева партиялар кўрсатган номзодлардан бир-иккитасининг рўйхатга олиниши рад этилганини таъкидлаганди. Сиёсий партияларга бунинг сабаби тушунтирилгач, улар эътироз билдирмаган.

Аммо, кузатувчиларнинг фикрича, ўз номзодларини кўрсатишга ҳаракат қилган 150 дан ортиқ ташаббус гуруҳидан бор-йўғи 86 тасининг ҳужжатлари МСКга келиб тушган. Кўриниб турибдики, берилган аризалар ва рўйхатга олинган аризалар ўртасида катта тафовут бор.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятованинг сўзларига қараганда, партия Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинмагандан кейин ўз номзодларини 20 дан ортиқ ташаббус гуруҳи орқали сайловга қўймоқчи бўлган. Бу гуруҳлардан кимларнинг номзоди кўрсатилганини ҳукумат яхши билган. Шунинг учун округ сайлов комиссиялари раислари ва маҳаллий ҳокимият уларни сайловга қатнаштирмаслик учун барча чораларни кўрган.

Бу ўринда бир ҳолатга эътибор қаратиш зарур. Мухолифат номзодлари МСК ва унинг ҳудудий комиссияларини сайлов қонунчилигини бузганликда, расмийлар эса ўзини мухолифат деб билувчи номзодларни ҳужжатларни атайин қалбакилаштиришда айбламоқда.

86-Қўқон сайлов округидан ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатган Ўзбекистон демократик кучлар форуми раиси Исмоил Дадажонов ҳам округ сайлов комиссияси раиси унинг номзодини рўйхатга олмаслик учун қочиб юрганини билдирганди.

Лекин МСК матбуот маркази раҳбари Шерзод Қудратхўжаев бу ҳолатларни рад этди.

“Агар маҳаллий кузатувлар натижасига эътибор берадиган бўлсак, номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатган бу одамлар ўша округда ҳеч қандай нуфузга, обрўга эга эмаслигини кўриш мумкин. Буни ўша ердаги аҳоли ҳам билади. У одамлар рўйхатдан ўтса, мен хурсанд бўлган бўлардим. Сабаби, эртага уларнинг сайловда қандай ютқазишини кўрар эдим. Афсуски, улар ҳужжатларини қалбакилаштиргани учун ўтмади. Бу сохталаштириш атайин қилинган”, деди Ш.Қудратхўжаев.

Сайловолди жараёнидаги баъзи қонунбузарликлар ҳақида “Озодлик” радиоси илгари ҳам бир неча лавҳа берганди.

Масалан, “Эрк” демократик партияси аъзоси, ўз номзодини ташаббус гуруҳи орқали кўрсатмоқчи бўлган Ойгул Маматова Самарқанд вилоятидаги 54-Оқдарё сайлов округи комиссияси аъзолари орасида сиёсий партиялар вакиллари борлигини билдирганди.

“Бу комиссиянинг туманимиздан сайланган 5 аъзосидан уч нафари Халқ демократик партияси аъзосидир. Жумладан, округ сайлов комиссияси раиси Раҳмон Эшмуродов партия вакили, котиби Шоди Исматов ХДП аъзои, комиссия аъзоси Эркин Маматов “Фидокорлар” партиясидандир”, деганди О.Маматова.

Сайлов қонунчилигида комиссия аъзоси партиясиз бўлишини белгилаб қўйилган.

МСК аъзоси Комилжон Одиловнинг таъкидлашича, сайлов комиссияси аъзолари вилоят кенгашларида, кейин эса МСКда қаттик текширилгандан кейингина сайланади. О.Маматова бу қонунбузарлик ҳақида МСКга мурожаат қилмаган. Бу масалани телефонда айтиш ҳам чора кўриш учун етарли бўларди.

Лекин О.Маматованинг билдиришича, у бу қонунбузарлик ҳақида МСК ва Бош прокуратурага мурожаат қилган. Прокуратуранинг жавобида қонунбузарлик бўлмагани, комиссия аъзолари комиссия тузилишидан бир кун аввал партия сафидан чиққани, О.Маматованинг ўзига эса тазйиқ ўтказилмагани баён қилинган.

Хуллас, тарози палласига икки мулоҳаза қўйилмоқда. Бир паллада мухолифат вакилларининг сайлов қонунчилиги бузилгани ҳақидаги даъволари, иккинчи паллада расмийларнинг бу даъволарни рад этиши турибди.

Хўш, бу ўринда ким ҳақу ким ноҳақ?

К. Одилов рўйхатдан ўта олмаган ташаббус гуруҳлари вакиллари МСК ёки округ сайлов комиссияси қарорларидан норози бўлса, судга мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ташаббус гуруҳлари вакиллари эса судга мурожаат этишдан тийиляпти. Чунки, уларнинг фикрича, суд ҳам расмийлар фойдасини кўзлайди.
XS
SM
MD
LG