Линклар

logo-print

Ногиронларнинг муаммолари бисёр


Ишонч 3 декабрь дунёда Ногиронлар халқаро куни сифатида нишонланади. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 850 мингдан ортиқ ногирон фуқаро бор. Норасмий манбаларда улар сони 1 миллиондан ортиқ эканини айтилади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ногиронлар мамлакатда тўрт мучаси соғ фуқароларни қийнаётган муаммолар уларга ҳам тегишли эканини, лекин бу муаммоларни ўз кучи билан ҳал қилишда соғларга нисбатан кам имкониятга эгалигини билдирди.

“Мен болаликдан 1-гуруҳ ногирониман. Битта фарзандим бор. 12 минг сўм нафақа олмаган. Лекин бу пул ҳеч нарсага етмайди. Ногиронларни коммунал тўловлар ҳам қийнамоқда. Коммунал тўловлар 28-30 минг сўм атрофида. Қолаверса, ногиронларнинг махсус рецепт асосида дори-дармон олиши оғир бўлиб қолди. Дорихоналарда бу дори бўлмайди ёки бўлса ҳам берилмайди”, деди ногиронлар бири.

Республика ногиронлар жамияти раиси Ойбек Исоқовнинг сўзларига қараганда, бу тоифа кишилар бошқаларга қарам бўлмаслиги учун уларга иш ўринлари яратиб бериш керак. Меҳр-мурувват йилида жамиятга 600 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. Лекин бу маблағни олиш учун гаровга қўядиган мулк йўқ. Гаровсиз эса пул берилмаётир.

О.Исоқовнинг айтишича, ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш учун бир қанча қонунлар қабул қилинган. Лекин бу қонунлар ишламаяпти. Қонун бўйича ногиронларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, протезлар ажратилиши керак. Амалда эса бундай хизмат кўрсатилмайди.

Жамиятнинг етакчи мутахассисларидан бири Мазбуд Алиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда ногиронларни ишсизлик муаммоси қийнамоқда. Жуда кўп ногиронлар ишсиздир. Навбатдаги асосий муаммо – ўқиш ва таълим олиш масаласидир. Жамият ташаббуси билан ҳозир кўпгина ногиронлар олий ўқув юртларига жойлаштирилмоқда. Лекин уларнинг шартнома пулини тўлаш муаммоси ҳал этилмаётир. Шунингдек, ногиронларни уй-жой билан таъминлаш ҳам катта муаммо. Давлат уларга уй олиш учун имтиёзли кредит ажратса, арзон уй-жой билан таъминласа, яхши иш бўларди.
XS
SM
MD
LG